12 ноябр куни Россиянинг уруш тарафдори бўлган телеграм-каналларида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчиси, Украинага асир тушган ва маҳбусларни алмашиш доирасида ортга қайтарилган Евгений Нужиннинг шафқатсизларча қатл этилгани акс этган видео тарқалди. Нужин олдинроқ, асирликда пайтида украиналик журналистларга интервью бериб, Киев тарафида туриб уришишга тайёрлигини айтганди. У Россияга қайтарилгач, вагнерчилар Нужинни «хоинлиги учун жазолаган».

«Вагнер» ёлланма жангчилар компанияси асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожин тармоқларда тарқалган бу видеони «ажойиб режиссёрлик иши» деб атади.

«Ушбу шоуда (Нужин) Украинада бахт топа олмагани, ёвуз аммо адолатли одамлар билан учрашгани кўриниб турибди», дея ёзади унга алоқадор бўлган «Конкорд» компанияси матбуот хизмати.

Нужин асирлар алмашуви доирасида Россия кучлари жойлашган ҳудудга қайтган. Бу ҳақда Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ва аноним ВЧК-ОГПУ телеграм-канали хабар берган. Кейинроқ бу маълумотни Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам тасдиқлади.

Украина Россияга фақат ўзи буни хоҳлайдиган маҳбусларни қайтаришга ваъда берган

Россия Федерациясида сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, Володимир Зеленский рус аскарларини ихтиёрий равишда таслим бўлишга чақирди ва Украина Россияга қайтишни истамаган асирларни бунга мажбурламаслигига ваъда берди.

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук ҳам таслим бўлувчи рус аскарларига худди шундай кафолатларни тақдим этди.

«Агар сиз Россияга қайтишни истамасангиз, Женева конвенциялари ва Украина қонунларига кўра, ҳеч ким сизнинг хоҳишингизга қарши ўлароқ сизни Россияга қайтариб юбормайди», деган Верешчук.

Украина бош разведкаси вакили Андрей Юсов ҳам рус аскарлари мажбуран алмаштирилмаслигини айтган.

Украина ҳукумати ўз ваъдасини бажармоқдами?

Украина президенти девони маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг таъкидлашича, Нужин алмашинувга ихтиёрий розилик бериш бўйича ҳужжатга имзо қўйган.

«Бизда жуда оддий ёндашув бор. Асирга олинган аскар алмашувдан ихтиёрий равишда воз кечиши мумкин. Бу қоида бизнинг қонунларда белгиланган», деган Подоляк.