Жаҳон | 10:24 / 22.11.2022
11258
3 дақиқада ўқилади

Полша суди «Газпром» учун рекорд даражадаги жаримани бекор қилди

Полшанинг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш суди Россия давлат концерни монополияга қарши қонунларни бузмаган деб қарор қилди. Полша регулятори бу ҳукм устидан шикоят қилмоқда.

Фото: iStock

Полшанинг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суди Россиянинг «Газпром» давлат концерни ва «Шимолий оқим-2» лойиҳасида иштирок этувчи яна беш компанияга нисбатан қўйилган жарималарни бекор қилди, деб хабар беради Полша рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси сайти 21 ноябрь, душанба куни.

Полша монополияга қарши тартибга солиш органининг хабарида таъкидланганидек, суд ҳукми «ҳайрат билан» қабул қилинган. «Биз ҳукмнинг ёзма асосланишини талаб қиламиз, кейин эса бу иш бўйича апелляция шикояти берамиз», — дейилади ҳужжат матнида.

2020 йил октябр ойида Россия давлат концерни «Газпром» UOKiK томонидан монополияга қарши қоидаларни бузганлик учун 29 миллиард злотий (тахминан 6,45 миллиард евро) ва яна бешта компания – Engie Energy, Uniper, OMV, Shell ва Wintershall жами 178,5 миллион злотий (тахминан 39,8 миллион евро миқдорида жаримага тортилди. Регуляторга кўра, «Газпром» унинг розилигисиз ушбу компаниялар билан битим тузган ва бу охир-оқибат рақобатнинг чекланишига олиб келган бўлиши мумкин. UOKiK монополияга қарши терговни 2018 йилда бошлаган.

Аввалроқ терговда UOKiK «Газпром»ни газ қувурини қуриш бўйича шартномалар ҳақида сўралган маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани учун 213 миллион злотий (тахминан 50 миллион евро) миқдорида жаримага тортган эди. 

Бироқ, жарима устидан шикоят қилгандан сўнг, суд «Газпром»нинг бошқа компаниялар билан қўшма корхонаси тузилмаган ва UOKiK жазо қўллашда ўз ваколатларидан ошиб кетган, деб қарор қилди.

«Шимолий оқим-2» газ қувури Болтиқ денгизи туби бўйлаб ўтиши керак бўлиб, газни Россиядан Германияга, у ердан эса Европа бозорининг қолган қисмига етказиб беради. Лойиҳа керакли сертификатни олмаган ва ишга туширилмаган. Сентябрь ойи охирида портлашлар «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларига зарар етказди. Диверсия ташкилотчилари ҳозирча маълум қилинмаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид