Жаҳон | 13:26 / 24.11.2022
16424
2 дақиқада ўқилади

ДХХ: «Ўзйўлинспекция» масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

«Ўзйўлинспекция» Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси томонидан 2021 йилнинг феврал ойида Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги 4H-1071 «Хонобод-Туркобод» автомобиль йўли 0-7 км қисмида ётқизилган асфальтбетон қатламлари қалинлиги текширилган ҳамда лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса қилинган.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, жорий йилда мутасадди идоралар томонидан мазкур йўлдаги асфальтбетон қатлами қалинлиги қайта ўрганилиб, назорат ўлчови ўтказиш давомида объект асфальтбетон қопламасидан олинган 73 та намуна қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос эмаслиги, қоплама қалинлиги кам экани аниқланган.

Бош пудратчи томонидан йўл қопламаси қатламлар қалинлиги меъёрдан кам ётқизилгани оқибатида жами 86 728 АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳажми қўшиб ёзилгани маълум бўлган ва текшириш давомида ушбу қўшиб ёзилган иш ҳажмлари тўлиқ бартараф этилган.

«Ўзйўлинспекция» Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ётқизилган асфальтбетон қатлами қалинлиги лойиҳа ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мос бўлмаса-да, 2021 йилда ижобий хулоса бериб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликда гумонланяпти.

Мазкур ҳолатда «Ўзйўлинспекция» Йўл-қурилиш материаллари сифатини назорат қилиш ва йўл синов лаборатория бошқармаси масъул ходимлари ва бошқаларга нисбатан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 205- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид