Украиналик ҳарбийлар Луҳанск областида рус аскарларини отиб ташлагани айтилган лавҳалар (отиш жараёни видеоларда акс этмаган) Россия расмийларининг кескин реакциясига сабаб бўлди.

«Қонли қирғин» деб аталган ушбу воқеага РФ мудофаа вазирлигидан ташқари, Россия ТИВ, РФ президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши, Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари ва Тергов қўмитаси ҳам муносабат билдирди. Улар асирлар қатл этилгани бўйича тергов ўтказилишини талаб қилиб, кўплаб халқаро ташкилотларга мурожаат йўллангани ҳақида хабар берди.

Украина реакцияси

Украина видеода тасвирга туширилган воқеалар бўйича тергов ишлари олиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг бир қанча расмийлари айтиб ўтди.

Хусусан, Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина Канаданинг Галифакс шаҳрида бўлиб ўтган хавфсизлик форуми чоғида ушбу масалага тўхталди.

«Албатта, Украина ҳукумати ушбу видео юзасидан текширув ўтказмоқда», деган у. Унинг айтишича видеонинг қисқа парчалари Москва айтаётган даъволарни тасдиқлаши эҳтимоли паст.

«Украина ҳарбийларида, кейинчалик украиналик асирларга алмаштириш учун имкон қадар кўпроқ русларни қўлга олиш ҳақида тўғридан тўғри буйруқ бор», дея қўшимча қилган Олга хоним.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович адвокат ва журналист Марк Фейгинга берган интервьюсида видеоёзувда рус аскарларидан бири қуролли қаршилик кўрсатмоқчи бўлганини кўриш мумкинлигига эътибор қаратди.

«Агар сиз таслим бўлишга қарор қилиб, кейин тўсатдан қуролни қўлга олсангиз, демак, сиз энди қаршилик кўрсатаётган қаҳрамон эмассиз, балки Женева конвенцияси қонунларида зид тарзда уруш жинояти қилмоқдасиз», деган Арестович.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, таслим бўлганларнинг хавфсиз эканлиги ҳақидаги қарорни уларни асирга олганлар қабул қилиши керак.

«Биз ерда ётганлар ёки уларнинг ҳеч бўлмаганда баъзилари ўзини қандай тутгани ва улар қандай ҳолатда ҳалок бўлганини билмаймиз ва буни видеодан ҳам аниқлашнинг иложи йўқ. Асирлар ҳақиқатан ҳам автоматик ўқотар ёки якка ўқотар қуроллардан отилгани ва улар қандай ҳолатда ҳалок бўлгани бизга қоронғи», дейди Арестович.