Ахборот технологиялари вазирлиги, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида “Мирзо Улуғбек ворислари” ўқув курсларини ташкил этиш таклифига розилик берилади.

Ўқув курслари асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа хўжалик бирлашмаларида математик статистика, дастурий таъминот асосида маълумотларни қайта ишлаш, улар асосида бошқарув қарорларини тайёрлаш бўйича ўз илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқа оладиган мутахассислар тайёрлаш;

давлат бошқарувидаги самарадорликни ошириш борасида илғор хорижий тажрибаларга асосланган амалий кўникмаларни шакллантириш, давлат бошқарувида рақамли технологик ечимларни интеграция қилиш бўйича малака ошириш тизимини жорий этиш;

иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш жараёнларини таҳлил қилиш, маълумотларни қайта ишлашда рақамли ечимлардан фойдаланиш бўйича бошланғич даражадаги мутахассисларни тайёрлаш.

Белгилаб қўйилишича, ўқув курсларига ушбу қарор билан тасдиқланган низом талабларига жавоб берадиган республикада фаолият юритувчи давлат олий таълим муассасалари талабалари танлов асосида қабул қилинади, бунда:

биринчи ўқув йилида камида 60 нафар тингловчи қабул қилинади, кейинги йилларда тингловчилар сони эҳтиёждан келиб чиқиб ошириб борилади;

таълим олиш муддати кадрлар буюртмачилари билан келишилган ҳолда Blended learning-аралаш таълим технологияси асосидаги ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, ўқув курслари битирувчилари Ахборот технологиялари вазирлиги ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси тавсияномалари асосида вазирлик, идоралар, давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик ташкилотларига ишга қабул қилишга тавсия қилинади.