Чемпионликка даъвогар саналган аргентиналиклар, ғалаба қозонган бўлса-да, кутилган ўйинни намойиш эта олмаяпти.

ЖЧ-2022. С гуруҳи. 1-тур
Аргентина — Мексика 2:0
Голлар: Месси (64), Фернандес (87). 
Аргентина – Мартинес, Монтьель (Молина, 63), Отаменди, Мартинес, Акунья, Ди Мария (Ромеро, 69), Мак Аллистер (Паласиос, 69), Де Пауль, Родригес (Фернандес, 57), Месси, Мартинес (Альварес, 63). 
Мексика – Очоа, Альварес (Хименес, 66), Морено, Араухо, Монтес, Гальярдо, Гуардадо (Гутьеррес, 42), Эррера, Чавес, Лосано (Альварадо, 73), Вега (Антуна, 66).
Огоҳлантиришлар: Араухо (22), Монтьель (43), Гутьеррес (50), Эррера (66), Альварадо (89).

Миш-мишлар ва раддия

Мессининг соғлиги — бу маълумотни ёритиш нуқтайи назаридан жуда қизиқарли мавзу. Дастлабки тур арафасида қатор манбалар аргентиналиклар сардори жароҳат туфайли пауза қилгани ҳақида хабар тарқатишди. Леонинг ўзи Саудияга қарши ўйиндан олдин бу борада изоҳ бериб, дастлабки жамоавий машғулотларда иштирок эта олмаганини тасдиқлади ва бу профилактика чораси бўлгани, ҳозир эса руҳий ва жисмоний жиҳатдан жуда яхши ҳолатда эканини айтди.

Биринчи тур янги версияларни юзага келтирди. Бу сафар унинг мушакларида муаммо борлиги ва яна асосий гуруҳдан алоҳида машғулот ўтказгани муҳокама қилинди. Сардор навбатдаги ўйиндан олдинги матбуот анжуманида иштирок этмади ва бу борадаги саволларга Лионел Скалони жавоб қайтаришига тўғри келди, бош мураббий қатъий қилиб айтди: «Бу миш-мишлар қандай тарқалаётганидан бехабарман. Мессида барчаси жойида, ҳар доимгидан ҳам яхши. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан. Бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ, унда ҳеч қанақа муаммо йўқ».

Аммо, нима бўлганда ҳам, сардор Мексика билан ўйинда иштирок этишига аввалбошдан шубҳа йўқ эди. Шунингдек, Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан кейин Месси жамоани йиғиб, хотиржамликни сақлаш ва янада жипслашишга чақириб, нутқ сўзлагани маълум бўлганди.

Қолгани — мураббийнинг иши ва Скалони кутилганидек одатий 4-3-3 схемасига қайтди. Бу схемадан воз кечилишини стартда максимал даражада ҳужумкор футбол ўйнаш истаги билан изоҳлаш ҳам, бу схемада турнирни ўтказиб юбораётган Ло Челсонинг ўрнини боса олувчи футболчи топилмаганини тан олиш сифатида баҳолаш мумкин эди.