Ўзбекистон | 16:00 / 28.11.2022
32255
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳатланди

Labo машинаси қоидаларини бузган ҳолда ишчи аёлларни миндириб кетаётиб, ёнилғиси тугаб секинлашганда Isuzu юк машинаси унинг ортидан бориб урган. Labo йўловчиларидан икки киши ҳалок бўлган, яна беш киши тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида Labo va Isuzu иштирокида инсонлар ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 12 ноябр куни соат 09:30 ларда, «Тошли» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-87 автомобил йўлининг 46-километрида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Ш. одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда Labo юкхонасида йўловчилар миндириб кетаётган вақтда вақтда ёнилғиси тугаб, машина секинлашган.

Ҳайдовчи Labo’ни йўл четига олиб чиқаётган вақтда ушбу йўналишда унинг ортидан ҳаракатланиб келган Isuzu юк машинаси унинг айнан одамлар миниб олган қисмига қаттиқ зарб билан урилган ва икки машина йўл четига ағдарилган.

ЙТҲ оқибатида Labo юкхонасида бўлган икки йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна беш йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ЙТҲлар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • 2022 йил 1 ноябр куни Деҳқонобод туманида содир бўлган ЙТҲда уч киши ҳалок бўлганди.
  • 2022 йил 1 январ куни М-39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган ЙТҲда 5 киши вафот этганди.
  • Шунингдек, 2021 йил 5 август куни М-39 халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lacetti Термиз-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган Isuzu юк машинасига урилган. Оқибатда Lacetti машинасида ёнғин келиб чиққан ва унинг ичида бўлган тўрт нафар фуқаро таниб бўлмас даражада куйиб вафот этганди.
Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид