Россия қўшини Днепропетровск области бўйлаб ракета зарбаси йўллади — вайронгарчиликлар бор, аммо аҳоли жабрланмаган. Бундан ташқари, Кривой Рогда ракета зарбалари оқибатида темирйўл фаолияти бузилган, аммо жабрланувчилар ҳақида хабар берилмаган. Херсонда электр узатиш бошланди, Киевда эса электр таъминоти қарийб тўлиқ тикланган. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) яқин ҳафталар ичида, ёмғирлар тўхтаб, совуқ тушгач, Украинада ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги ошишини прогноз қилди. The New York Times НАТО вакилига асосланиб хабар беришича, альянс аъзоси бўлган 30 давлатдан 20 таси, улар орасида АҚШ ҳам бор, Украинага қурол-яроғ жўнатиш бўйича ўз ресурсларини сарфлаб бўлган.

Қуйида 27 ноябр, урушнинг 277-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Херсондаги ҳоспиталдан бошпана топган етимлар

Украина томони россияликлар босиб олинган ҳудудлардаги болаларни зўрлик билан аннексия қилинган Қрим ва Россия ҳудудига олиб кетишганини таъкидлайди. Украина ҳукукмати расмийларига кўра, минглаб болалар, жумладан Херсондаги болалар уйидан 46 нафар бола ўғирланган.

Саккиз ойлик оккупация вақтида имконияти чекланган болалар, шунингдек Херсон болалар уйидаги бемор болалар даволаниш учун болалар шифохонасига жойлаштирилган. Оккупациянинг илк кунлариданоқ шифохона ходимлари икки ойдан икки ярим ёшгача бўлган ўнлаб етим болалар ҳақида қайғуришган. Ходимлар зарур воситалар етишмовчилиги шароитида кунига 24 соатдан ишлашган. Россиялик ҳарбийлар ҳоспиталга келганида эса, шифокорлар соғлом болаларни олиб кетмасликлари учун, сохта тиббий карталар тайёрлаб, уларни жуда оғир бемор сифатида кўрсатишган. Шу тариқа, болалар Россияга олиб кетилишининг олди олинган.

11 ноябр куни Украина Херсонни ўз назоратига қайтарди, аммо шифохонадаги шароитлар ҳамон оғирлигича қолмоқда. Бутун шаҳар бўйлаб электр таъминотида муаммолар сақланиб қолмоқда, Россия қўшини шаҳарни мунтазам равишда ўққа тутмоқда, шу туфайли шифохона ходимларининг бир қисми ишдан бўшаб, Херсонни тарк этишган. Айрим ҳамширалар энди 48 соатдан 72 соатгача узлуксиз ишлашига тўғри келмоқда, улар чироқ ёруғида нафақат етим болалар, балки бошқа беморларга ҳам ғамхўрлик қилиши керак. Ҳамширалардан бири етим қизалоқни асраб олган. Болалар уйидан йўқолган 46 нафар боланинг тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда.