ISW: Россия Беларусдан Украина шимолига ҳужум тайёрлаётгани эҳтимолдан йироқ
Россия кучларининг 2022 йил ноябрида Беларусга жойлаштирилиши, эҳтимол, Россиянинг Украинага шимолдан қайта киришга тайёргарлик кўрмасдан, Украина ва Ғарб мамлакатларига қаратилган ахборот операциясини ўтказишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисмидир, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) янги ҳисоботда.
Ноябрь ойи ўрталарида олинган сунъий йўлдош суратлари Брест вилоятидаги 230-умумқўшин Обуз-Лесновский полигонида рус техникаси кўпайганини кўрсатади.
Бу жойлашувлар Россиянинг ўз кучларини тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва Беларусдан амалга ошириладиган жанговар ҳаракатларга тайёргарлик эмас, дейди таҳлилчилар.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби бир кун аввал, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бўлинмалар «жанговар шай ҳолатга келтирилгач» Россия Федерацияси «алоҳида бўлинмаларни» Беларусдан Украинанинг аниқлаштирилмаган ҳудудига ўтказишини маълум қилган эди.
Шу билан бирга, Украина Бош штаби Украинанинг шимолий чегарадош вилоятлари яқинида Россия Федерациясининг ҳужумкор гуруҳларини шакллантириш белгиларини кузатмаётганини қайд этди.
Ушбу баёнот ISW’нинг россиялик йўриқчилар орасидаги жанговар йўқотишлар ва сафарбарлик билан боғлиқ стресс Россияда ўқитиш имкониятларини камайтиргани ва Беларусдаги машғулотлар имкониятларига бўлган ишончини оширганлиги ҳақидаги бир нечта тахминларни қўллаб-қувватлайди.
ISW экспертлари хулосаларига кўра, Кремль шунингдек, Россия кучларининг Беларусда жойлаштирилишидан Киев атрофида Украина қўшинлари ҳаракатини кечиктириш ва шу тариқа уларни жануб ҳамда шарқда фойдаланишга йўл қўймаслик учун ахборот операцияси сифатида қўллашга ҳаракат қилмоқда.
Бундан олдин ISW экспертлари Россия ҳукумати ахборот майдони устидан назоратни кучайтиришга интилаётганини маълум қилганди.
Уларнинг фикрига кўра, бу мамлакатнинг ўзида ҳам, хорижда ҳам оммавий ахборот воситаларида россиялик ҳарбийлар ҳаракати тобора кўпроқ танқид остига олина бошлангани билан боғлиқ.
ISW таҳлилчилари ўз ҳисоботларида, шунингдек, Запорижжя атом электр станциясидаги ядровий фалокат таҳдидининг доимий муҳокамаси Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашига путур етказишга қаратилган ахборот кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Москва Запорижжя атом электр станциясини ўққа тутишдан станция устидан тўлиқ маъмурий назоратга эришиш ва ядровий фалокатнинг олдини олиш кафолатига эга бўлиш учун фойдаланмоқда, деб ҳисоблайди институт.
ISW пресс-релизида, шунингдек, Украина разведкаси маълумотларига таянган ҳолда, Россия махсус хизматлари Беларус ҳарбийларини Украинага қарши урушга киришишга ундаш учун Беларуснинг муҳим инфратузилмасига ёлғондан ҳужумлар уюштиришни режалаштираётгани келтирилган.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
21:03 / 19.11.2024
Россияда доллар йил бошидан бери биринчи марта 100 рублдан ошди
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024