Жаҳон | 13:41 / 29.11.2022
9018
2 дақиқада ўқилади

Россия Ҳисоб палатаси раиси Кудрин ўз лавозимини тарк этди

Алексей Кудрин Владимир Путинга Ҳисоб палатаси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берди. Федерациялар кенгаши 30 ноябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Россия президентининг Кудрин истеъфоси ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқади.

Фото: РИА Новости

Россия Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудрин истеъфога чиқишини маълум қилди. «Энди мен кенг маънода хусусий ташаббусларни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган, бироқ айни пайтда одамларга сезиларли таъсир кўрсатадиган йирик лойиҳаларга эътибор қаратмоқчиман», — деб ёзди у 29 ноябрь, сешанба куни Telegram-каналида.

Кудрин Россия президенти Владимир Путинга тегишли ариза топширганини қўшимча қилди. Айни вақтда Федерациялар кенгашига Путиннинг Кудринни Ҳисоб палатаси раиси лавозимидан озод этиш таклифи келиб тушди, деб маълум қилди РИА «Новости» агентлигига Россия парламенти юқори палатаси бюджет ва молия бозори қўмитаси раҳбари Анатолий Артамонов. 

Федерациялар кенгаши 30 ноябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Кудриннинг истеъфоси ҳақидаги тақдимномани кўриб чиқади, дея таъкидлади агентликнинг яна бир суҳбатдоши. Бюджет ва молиявий бозорлар қўмитаси юқори палатага Кудринни муддатидан аввал ишдан бўшатишни тавсия қилди. 

Алексей Кудрин 2018 йилнинг май ойидан буён Ҳисоб палатасини бошқариб келмоқда. «Яндекс» асосчиларидан бири Аркадий Волож Кудринга «Яндекс»га ўтиши ҳамда Россия ва халқаро бизнесни ажратишда ёрдам бериши эвазига компаниянинг расмий 5 фоиз акцияларини таклиф қилган, дея маълум қилди Forbes суҳбатдошлари ва «Агентлик» интернет нашри. 

25 ноябрь куни ОАВ аноним манбаларга таяниб, Кудрин Россия президенти Владимир Путин билан Yandex интернет компанияси активларини бўлиш схемасини маъқуллагани, шунингдек, унинг раҳбариятига ўтишга келишиб олгани ҳақида хабар берди.  

Мавзуга оид