Ўйин атрофида катта шовқин кўтарилди, аммо майдонда АҚШ Эронни енгди. 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган америкаликлар плей-оффга чиқишди

ЖЧ-2022. В гуруҳи. 3-тур
Эрон — АҚШ 0:1
Гол: Пулишич (38). 
Эрон – Бейранванд, Ризоян, Пуралиганжи, Ҳусайни, Муҳаммади, Голизода (Ансарифард, 77), Ҳожисафи (Жалоли, 71), Иззатуллоҳи, Нуруллоҳи (Туроби, 71), Торимий, Озмун (Қуддус, 46).
АҚШ – Тернер, Дест (Мур, 82), Рим, Картер-Викерс, Робинсон, Адамс, Маккенни (Акоста, 65), Муса, Пулишич (Ааронсон, 46), Веа (Циммерманн, 82), Саржент (Райт, 77).
Огоҳлантиришлар: Адамс (43), Ҳусайни (77), Жалоли (90+6).

1998 йилда Эрон ва АҚШ ўртасидаги баҳс атрофида ҳам жуда кўп шовқин бўлган, кўплаб сиёсатчилар таҳдидли баёнотлар билан чиқишганди, якунда эса ўйин икки мамлакат муносабатларини нормаллаштириш рамзига айланишига бир бахя қолганди. Ўшанда Эрон раҳбарияти футболчиларга қўл бериб сўрашишни тақиқлаган, америкаликлар эса регламентга зид равишда биринчи бўлиб кўришиш учун келишган, эронликлар эса тинчлик рамзи бўлган оқ гулдаста тақдим этишган, жамоалар биргаликда суратга тушишганди.

Бу сафар америкаликлар ижтимоий тармоқларга гуруҳ турнир жадвалини Эрон байроғида Ислом республикаси рамзини тушириб қолдирган ҳолда жойлашди ва буни онгли равишда, эронлик аёлларни қўллаб-қувватлаш ифодаси сифатида амалга оширишди. Форслар эса бунга жавобан АҚШни «мамлакат шаънини ҳақорат қилганлик» учун дисквалификация қилишни талаб этишди, натижада америкаликлар бош мураббийи Грегг Берҳалтер узр сўраб чиқди.

Ўйин атрофида ақл бовар қилмас миш-мишлар ҳам кўп бўлди. Футболчилар мадҳияни куйламаса, уларнинг яқинлари ҳаёти хавф остида қолишидан тортиб, Эрондан Қатарга давлат тузумига содиқ бўлган минглаб сохта футбол мухлислари юборилгани ҳақидаги хабарларгача тарқалди. Форсларнинг португалиялик бош мураббийи Карлуш Кейруш эса яна бир бор Ғарбга ойнага қарашни таклиф қилиб, муаммоларни танлаб эмас, барчасига эътибор қаратиш зарурлигини айтди ва Америка мактабларидаги отишмалар ҳамда ирқчилик масаласини эслатди.

Унинг асосий ибораси эса шундай бўлди: «Бизнинг миссия 90 дақиқа давомида табассум ҳадя этишдир». Ўтган турда Кейруш бу фикрни ўз футболчиларига сингдира олганди ва бунинг эвазига сўнгги тур амалда плей-офф босқичига айланди. Ўйиннинг бошланиши бу мақомга мос бўлди. Максимал даражада зичлик, яхши суръат, икки томонда ҳам улкан хоҳиш.