Жаҳон | 16:51 / 01.12.2022
9123
3 дақиқада ўқилади

Британия: Украинага ракета зарбалари — Россиянинг янги ҳарбий доктринасига мисол

Фото: AP

Россиянинг Украина энергетика тизимига октябрь ойидан бери амалга ошираётган ракета зарбаларини, эҳтимол, Россия янги ҳарбий доктринаси асосий қоидаси бўлган муҳим объектларни йўқ қилиш бўйича стратегик операция концепциясини амалга оширишнинг биринчи намунаси деб ҳисоблаш мумкин. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлигининг Twitter’да кундалик шарҳида маълум қилинди

Британия ҳарбий разведкасининг маълумотларига кўра, бу концепция узоқ масофали ракеталардан аҳолини руҳий тушкунликка тушириш ва охир-оқибат мамлакат раҳбарларини таслим бўлишга мажбурлаш учун унинг қуролли кучларига эмас, балки душман давлатнинг муҳим миллий инфратузилмасига зарба беришни ўз ичига олади. 

Россия зарбалари электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлишда давом этмоқда, бу эса тинч аҳолига таъсир қилмоқда, дея қайд этади Британия Мудофаа вазирлиги. 

Бироқ, разведка ушбу стратегиянинг самарадорлигини шубҳа остига қўйди, чунки унга кўра, Россия бундай мақсадлар учун мос келадиган ракеталарининг аксарият қисмини аллақачон ишлатиб юборган. 

Бундан ташқари, зарбаларнинг моддий ва психологик таъсири урушнинг дастлабки давридагига қараганда камроқ бўлиши мумкин, чунки украиналиклар урушнинг тўққиз ойи давомида муваффақиятли равишда сафарбар этилди, дейилади шарҳда. 

Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия эскираётган қанотли ракеталардан ядровий каллаклар олиб ташланиб, пахтавон каллаклар ишлатилаётганига эътибор қаратганди.

Россия Украинадаги нишонларга ядровий каллаклари бўлмаган Х-55 русумли қанотли ракеталарини учирмоқда. Буюк Британия разведкасига кўра, совет иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган бундай эски ракеталардан Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини чалғитиш ва ҳолдан тойдириш мақсадида фойдаланилаётган бўлиши мумкин. 

Очиқ манбаларда 1980-йилларда ишлаб чиқарилган ва ядровий каллак ташиш воситаси сифатида мўлжалланган, Украинада уриб туширилган Х-55 ракеталари парчалари намойиш этилган. Жанговар каллаклар, катта эҳтимол билан пахтавон каллакка алмаштирилган.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги қайд этишича, бундай ракета гарчи ўз кинетик энергияси ва ёнилғи қолдиқлари билан зарар келтира олса-да, нишонга жиддий шикаст етказа олмайди. Ўз-ўзидан, бундан мақсад украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитиш ва ҳолдан тойдириш бўлиши мумкин.

Мавзуга оид