Жаҳон | 09:32 / 02.12.2022
5508
3 дақиқада ўқилади

АҚШ сенаторлари "вагнерчилар"ни террорчилар деб тан олмоқчи 

Вагнер ХҲК бўйича қонун лойиҳасини шарҳлар экан, сенатор Рожер Уикер шундай деди: "АҚШ бу соядаги армияга шундай ном бериши керак: хорижий террорчи гуруҳ".

Фото: Picture Alliance

АҚШ сенаторлари - республикачи Рожер Уикер ва демократ Бен Кардин Конгрессга Россия ёлланма аскарларини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги икки партиявий қонун лойиҳасини тақдим этдилар, унга кўра АҚШ давлат котибидан Вагнер ХҲКни хорижий террорчилик ташкилоти сифатида белгилаш талаб қилиняпти. Бу ҳақда 1 декабрь, пайшанба куни сенатор Рожер Уикер сайтида маълум қилинди.

Пресс-релизда айтилишича, Вакиллар палатасига конгрессменлар Стив Коэн, Жо Уилсон, Ричард Хадсон ва Марк Виси томонидан бир хил қонун лойиҳаси киритилади.

«Владимир Путин ва унинг яқинлари ўз мақсадларига эришиш учун ҳеч нарсадан тўхтамайди, жумладан, Вагнер гуруҳи каби ёлланма аскарларни уларнинг номидан ваҳшийлик қилиш учун ёллашдан ҳам, - деди сенатор Уикер ташаббусни шарҳлар экан. - АҚШ бу соядаги армияга шундай ном бериши керак: хорижий террорчи гуруҳ. Биз уларни қўллаб-қувватлаганлар билан бирга жавобгарликка тортишимиз керак».

Ўз навбатида, Европа, Евросиё ва Шимолий Американинг 57 та давлатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳарбий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича ихтисослашган АҚШ Ҳелсинки комиссияси раиси сенатор Кардин Вагнер ХҲКнинг «Украина, шунингдек, Сурия ва бутун Африка қитъасидаги сон-саноқсиз ваҳшийликлар билан боғлиқ»лигини таъкидлади.

«АҚШ Вагнер гуруҳини зудлик билан хорижий террорчилик ташкилоти сифатида белгилаши керак. Бу Россия армиясини заифлаштиради ва инсон ҳуқуқларини бузганларни жавобгарликка тортишга ёрдам беради», - деди у.

Тегишли қонун қабул қилинса, АҚШ давлат котиби ундан кейин 90 кун ичида Вагнер ХҲКни хорижий террорчи ташкилот деб белгилаши мумкин. ХҲК томонидан аффилланган ёки қўшимча тузилган исталган компанияга ҳам шундай тамға қўйилади, дейилади Рожер Уикернинг хабарида.

23 ноябрь куни Европарламент Россияни терроризм ҳомийси деб эълон қилиб, Вагнер ХҲК томонидан содир этилгани айтилаётган ваҳшийликларни алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бу ташкилот аллақачон АҚШ санкциялари объектига айланган. 2017 йил 20 июнь куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Вагнер гуруҳи ва унинг ҳарбий раҳбари Дмитрий Уткинга қарши санкциялар жорий қилди. 2018 йил 20 сентябрда Давлат департаменти тадбиркор Евгений Пригожин ва унга алоқадор ташкилотларни, шу жумладан Вагнер гуруҳи ХҲКни Россия ҳукуматининг мудофаа ёки разведка секторига кирувчи ёки унинг манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилувчи шахслар ва ташкилотлар рўйхатига қўшди.

Мавзуга оид