Сўров: Қозоғистон ёшлари - Украина учун, кексалар - Россия учун
Қозоғистонда 9 ой давомида Россия билан зиддиятда Украина тарафдорлари сони икки баравар ошди, Россияни қўллаб-қувватловчилар эса уч баробар камайди. Шу билан бирга, ёшлар кўпроқ Украина томонида.
Қозоғистонликларнинг 22 фоизи Украинани Россия билан зиддиятда сўзсиз қўллаб-қувватлайди, бу урушга муносабат масаласида қозоғистонликлар ўртасида биринчи сўров ўтказилган март ойига (10 фоиз) нисбатан икки баравар кўпдир. Бу ҳақда Demoscope жамоатчилик фикрини экспресс-мониторинг қилиш бюроси томонидан 1 декабрь, пайшанба куни чоп этилган социологик сўров натижаларида айтилган.
Шу билан бирга, Россияни қўллаб-қувватловчи Қозоғистон фуқаролари сонининг сезиларли даражада камайгани ҳам қайд этилган: агар март ойида улар 39 фоиз бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич атиги 13 фоизни ташкил этади. Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги - 59 фоизи Россиянинг Украинадаги урушига нисбатан нейтрал позицияни эгаллашини айтди.
Социологларнинг таъкидлашича, кўпроқ 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар Украинани қўллаб-қувватлаган. «Ушбу гуруҳда Украина тарафдорларининг улуши Россияни қўллаб-қувватловчиларга қараганда тўрт баравар кўп - мос равишда 23 ва 6 фоиз, - дея таъкидланади Demoscope бюро ҳисоботида. - Деярли барча ёш гуруҳларида Украина тарафдорлари кўпроқ. 60 ёшдан ошган авлод вакиллари бундан мустасно. Ушбу гуруҳда респондентларнинг учдан биридан кўпроғи (34 фоиз) Россияни, бор-йўғи 14 фоизи Украинани қўллаб-қувватлайди».
Украинада рўй бераётган воқеаларни баҳолаш бўйича, тадқиқот иштирокчиларининг 22 фоизи Россия Украинани босиб олиш ва унга қўшилиш мақсадида унга қарши уруш олиб бораётганига амин. Қозоғистонликларнинг 45 фоизи бу саволга жавоб беришга қийналмоқда.
Шу билан бирга, респондентларнинг 33 фоизи Кремль томонидан эълон қилинган позицияга аниқ қўшилади: 15 фоизи Россия «Украинадаги нацистларга қарши» ҳаракат қилмоқда, 18 фоизи «Россия Украина ҳудудида Ғарб давлатлари ва НАТО билан уруш қилмоқда» деб ҳисоблайди. Demoscope бюроси маълумотларига кўра, қозоғистонликларнинг қарийб учдан бир қисми агрессив уруш тарғиботидан азият чекмоқда, бу Қозоғистон ва халқаро қонунларга зид.
Сўров натижаларига кўра, Қозоғистон аҳолиси кўпинча (37 фоиз) Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳақида YouTube каналларидан билишади. Маълумотларнинг иккинчи энг оммабоп манбаси – Қозоғистон телеканаллари: респондентларнинг 20 фоизи уларни Украинадаги вазият ҳақида хабар олиш учун томоша қилади. Бироз камроқ одамлар (18 фоиз) рус телевидениесини афзал кўради. Қозоғистонда "Россия-24", НТВ, РТР, "Биринчи канал" ва баъзи вилоятларда "Звезда" каби Россиянинг барча етакчи тарғибот телеканаллари ҳозирда ҳеч қандай чекловларсиз эфирга узатилмоқда.
«Таъкидлаш жоизки, телевидениени, жумладан, Россия телевидениесини асосан 60 ёшдан ошганлар афзал кўради. Ёш респондентлар эса интернет ресурсларини танлайди», - дея таъкидлайди Demoscope жамоатчилик фикри экспресс мониторинг бюроси.
Танишлар ва қариндошларнинг ҳикоялари қозоғистонликларнинг 15 фоизи, Телеграм каналлари ва Facebook сўровнома иштирокчиларининг мос равишда 13 ва 8 фоизи учун ахборот манбаи ҳисобланади.
Қозоғистон аҳолисининг 42 фоизи ўз мамлакати «тинчликпарвар сифатида ҳаракат қилиши ва томонларни музокарага чақириши керак», деб ҳисоблайди.
Demoscope бюросининг 4-24 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг барча 17 вилоятида ўтказилган сўровида 18 ёшдан ошган 1110 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг 55 фоизи эркаклар, 45 фоизи аёллар эди.
Demoscope – Германия Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланадиган MediaNet халқаро журналистика маркази лойиҳаси.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024