Жаҳон | 09:55 / 03.12.2022
5223
2 дақиқада ўқилади

Канада Эроннинг Россияга дронлар етказиб беришига қарши санкцияларни кенгайтирди

Канаданинг инсон ҳуқуқлари бузилиши ва дунёни беқарорлаштиришга қарши курашга қаратилган санкциялари остида қолган эронлик шахслар ва ташкилотлар орасида Shahed дронларини ишлаб чиқиш ва уларни Россияга топшириш билан боғлиқ иккита компания бор.

Фото: Iraanintl

Канада расмийлари, Оттавага кўра, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи ҳаракатлар учун масъул бўлган Эрон расмийлари ва ташкилотларига қарши санкцияларни кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жолининг 2 декабрь, жума куни эълон қилинган баёнотида айтилади

Санкциялар рўйхатига 4 нафар жисмоний ва 5 та юридик шахс, жумладан Safiran Airport Services савдо ва юк ташувчи Эрон авиакомпанияси қўшилди, у «Россия ҳарбий самолётларининг Эрон ва Россия ўртасида парвозларини мувофиқлаштирган, бу орқали Эрон режими томонидан ишлаб чиқарилган ҳалокатли учувчисиз учиш аппаратлари (УУА)ни етказиб бериш амалга оширилган». 

Санкциялар, шунингдек, Basij Resistance Mobilization Force ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан технология секторида тадқиқот хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, Shahed сериясидаги УУА ишлаб чиқиш соҳасида муҳофизлар корпусини ривожлантириш бўйича шартномалар тузган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) кооператив жамғармасининг шуъба корхонаси Baharestan Kish Company компаниясига ҳам таъсир кўрсатди.

«Бу ҳаракатлар Канаданинг Эрон режимининг мамлакат ичкарисида ва хориждаги жирканч хатти-ҳаракатларига жавобининг сўнгги намунасидир. Канада халқаро ҳамкорлари билан режимнинг беқарорлаштирувчи ҳаракатларига қарши туриш ва жим туришни истамаган эронликларнинг жасоратли овозини кучайтиришда давом этади», - дейилади Канада Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.

Вазирлик маълумотларига кўра, Канада шу кунгача 99 нафар жисмоний шахс ва 181 та Эрон ташкилотига, жумладан, ИИМК ҳамда режимнинг иқтисодий, хавфсизлик ва разведка аппаратига нисбатан санкция қўйган. 

Ноябрь ойи ўрталарида Канада ИИМК аэрокосмик кучлари билан боғлиқ ва Shahed серияли дронларини, хусусан, Россия томонидан Украина билан урушда фойдаланиладиган Shahed-136’ни ишлаб чиқариш фаолиятига алоқадор деб ҳисобланувчи Shahed Aviation Industries компаниясига санкциялар киритди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид