Улуғбек Файзиев / Фото: "Zarafshan Golden Group" компанияси матбуот хизмати

Kun.uz давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши қонунчиликда тақиқланган бўлса-да, Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими, сенатор Улуғбек Файзиев қатор МЧЖлар раҳбари сифатида қолаётгани ҳамда Файзиев ҳокимлик қилаётган тумандаги айрим қурилиш ишлари унинг таъсисчилигидаги МЧЖга берилгани ҳақида хабар қилганди. “Zarafshan Golden Group” МЧЖ ва Қизилтепа тумани ҳокимлиги мазкур хабарга расмий муносабат билдирди.

Қизилтепа тумани ҳокимлигига кўра, Улуғбек Файзиев ҳокимликка тайинлагунга қадар ва айни пайтда ҳам бирорта корхонада раҳбар сифатида фаолият юритмаган. 2017 йилда ташкил этилган “Gʻani bobo chorvasi” фермер хўжалигининг таъсисчиси ва раҳбари Зоҳид Очилов ҳамда 2018 йилда Улуғбек Файзиев ва Финландия фуқаролари Белик Анна ва Палму Линда таъсисчилигида ташкил этилган, бироқ фаолият юритмаган “FINUZSOLITIONS” МЧЖ ҚКга Бозоров Фозили Одилзода директор этиб тайинланган.

“Zarafshan Golden Group” МЧЖ расмий муносабатида таъкидланишича, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг 2022 йил  13 октябрдаги қарори билан Қизилтепа туманида жойлашган 3 та ҳудуддаги ичимлик сув объектларини барпо этиш ва реконструкция қилиш МЧЖга тавсия этилган.

Мазкур қарордан компаниямиз бехабар бўлиб, объектлар Қизилтепа тумани ҳудудида жойлашганлиги, компания асосчиси Улуғбек Файзиев бугунги кунда Қизилтепа тумани ҳокими лавозимида фаолият юритаётганлиги боис манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги ҳамда жамиятимиз томонидан бугунги кунда ишлаб чиқариш йўналишига эътибор оширилаётгани сабабли мазкур объектлар қурилишини амалга оширмаслик ҳақида бир неча маротаба маълум қилганмиз.