Мутахассисларнинг фикрига кўра, масофадан туриб ишлайдиган ходим бутун диққат-эътиборини ишга жалб қила олмайди. Бу эса нафақат унинг иш самарадорлигига, балки жамоа фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатар экан. Шу билан бир қаторда бундай тарзда фаолият юритиш ходимнинг шахсий ва иш вақтлари ўзаро аралашиб кетишига сабаб бўлади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бундай инсон ишга муккасидан кетиши ёки бўлмаса, дангаса бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, меҳнат қилишнинг бундай формати кишида кучли стрессни келтириб чиқаради. Бу безовталик эса секинлик билан ортиб боради.
Албатта, бундай руҳий ўзгаришлар узоқ муддат шундай тарзда фаолият юритадиган инсонларда кузатилиши мумкин. Бу нафақат инсоннинг оилавий, балки, ижтимоий, молиявий, психо-эмоционал ҳолати ва бошқа жабҳаларга ҳам кучли “зарба” бўлиши мумкин.

Кимлар хавф гуруҳига киради?
- Ёлғиз яшайдиганлар учун. Бундай инсонлар иш жадвалига доим ҳам амал қила олмайди. Ҳеч ким билан мулоқот қилмайдиган киши учун масофадан ишлаш худди ижтимоий изоляция каби таъсир кўрсатади. Доимий ёлғизлик эса қайғу, соғинч, умидсизлик каби туйғуларни юзага келтириб чиқаради.
- Ёш фарзандингиз бор. Оилада эътиборга муҳтож бўлган ёш болалар бўлганда иш жадвалига амал қилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бундай шароитда масофадан ишлаш ходим учун жуда қийин. Кўпинча уларда ташвишлар кўпаяди: айбдорлик ҳисси ва ўз-ўзига бўлган ишонч йўқолиб боради. “Мен яхши ходимманми?”, “Ота ёки оналик вазифаларимни тўлақонли бажара оляпманми?” каби саволлар миясида ғужғон ўйнай бошлайди.
- Ўз-ўзини бошқариш қобилияти ривожланмай қолади. Ишхонада иш сифати кўпинча раҳбарлар ёки менежерлар томонидан бошқарилади. Масофадан туриб ишлаганда эса бу мустақил амалга оширилиши керак. Натижада, назорат қилиш қобилияти йўқолиб боради.
- Сиз ғамгин ва тушкунликка мойилсиз. Бундай ҳолатда ҳаётдаги туб ўзгариш, масалан, доимий иш тарзига ўтиш сизнинг руҳий саломатлигингизга ва жамоа билан ишлашингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

















