Жаҳон | 16:43 / 10.12.2022
16026
2 дақиқада ўқилади

Россия бир кун ичида Херсон вилоятини 51 марта ўққа тутди

Фото: AP

Россия қўшинлари ўтган сутка давомида Херсон вилоятини 51 марта ўққа тутди. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко Telegram’да хабар берди

«Улар миномётлар, ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва милтиқли артиллериядан ўқ узди. 8 киши яраланди. 2 киши ҳалок бўлди», - деди у. 

Ўққа тутилиши натижасида шаҳарнинг турар жойлари, шифохона, дўконлар ва омборлар зарар кўрган, инфратузилма объектларига жиддий талафот етган, деб хабар қилди Тимошенко. 

Шу билан бирга, Россия қўшинлари Суми вилоятининг чегара ҳудудларини артиллериядан ўққа тутди, 48 та снаряд келиб тушиши қайд этилди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари ўринбосари ёзди. 

Бундан ташқари, Россия квадрокоптердан снарядни турар жой биносига ташлагани ва Болшая Писаревка қишлоғида С-300 ракеталари билан зарба бергани айтилади.

Аввалроқ Херсон вилоятини миналардан тозалаш жараёнида тўрт нафар украиналик полициячи ҳалок бўлганди. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский ватандошларига видеомурожаатида хабар берди. 

Бундан ташқари, Зеленский Россиянинг Донецк вилояти Курахово шаҳрига берган зарбаси ҳақида батафсил маълумот берди. Унга кўра, бозор, элеватор, ёнилғи қуйиш шохобчаси, автовокзал ва турар жой биноси ўққа тутилган. 10 киши ҳалок бўлди.

Украинанинг энергия таъминоти билан боғлиқ вазиятни изоҳлар экан, Зеленский ҳозирда мамлакат энергетика тизимларини 100 фоизга тиклаш имконсизлигидан огоҳлантирди. 

«Вақт керак. Шу боис аксарият шаҳар ва туманларда электр энергиясини ўчириш жадвали сақланиб қолган», - деди президент.

2 декабрь куни кечқурун Херсон яна Россия қўшинлари томонидан ракета ҳужумига учраганди. 

Херсон вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Ярослав Янушевичнинг Telegram-каналига кўра, зарбалар пайтида электр тармоқлари шикастланган, шаҳар яна электр таъминотисиз қолган.

Мавзуга оид