Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда газ тармоғига яширинча уланиб давлатга 1,7 млрд сўм миқдорида зарар келтирган оҳак цехи аниқланди
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Фото: KUN.UZ
Жиззах шаҳрининг Улуғбек маҳалласида жойлашган, ҳеч ким муқим яшамайдиган ҳовлида ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз оҳак ишлаб чиқараётган цех аниқланди.
Ноқонуний корхона ҳудудини кўздан кечириш пайтида бу ердан 600 кг оҳак, 4 дона газ печи ва бошқа хомашёлар топилган ҳамда барчаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштирилган.
Ўрганиш давомида хонадон эгаси сентябрь ойидан буён маҳалладаги 200 диаметрли газ қувурига яширин равишда уланиб, ҳовлисидаги печларда оҳак пишириш билан шуғулланиб келгани аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган вақт ичида ушбу цехда тахминан 1 млрд 746 млн 360 минг сўмлик газ ишлатилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда бир кунда 4 та корхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “BEAUTY GLASS DECOR” шишани қайта ишлаш корхонаси 2 дона шиша қайта ишлаш печларида табиий газдан фойдаланиб келгани, кунлик табиий газ истеъмоли 7 000 метр кубни ташкил этгани, корхона куз-қиш мавсумида табиий газдан ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан табиий газ етказиб берилаётгани маълум бўлганди.
Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов қишни беталафот ўтказиш бўйича 9 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични «ноль» қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний улангани, ушбу ҳолат фош этилгач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраганини таъкидлаганди.

Ушбу воқеа ортидан «Ҳудудгазтаъминот»нинг Тошкент вилояти филиали директорига нисбатан жиноят иши очилганди. Шунингдек, газ ва электр муаммоси бўйича қонунбузилишга йўл қўйгани учун «Янгийўл тумангаз» ва «Гулистон туман электр тармоқлари корхонаси» собиқ раҳбарлари қамоққа олинганди.