Европада қишки иситиш мавсумининг учдан бир қисми ортда қолди ва ҳозирча натижалар ажойиб. Европа Иттифоқининг 450 миллион аҳолиси бўлган 27 давлати газ истеъмолини чорак қисмга қисқартиришга муваффақ бўлди ва эндиликда европаликларнинг қишдан ҳеч қандай блэкаутларсиз чиқишга ишончи комил.

Улар буни қандай уддалади ва бу учун қанча харажат қилинди. Маблағ ва сабр-тоқат яна қанчага етади?

Биринчи раунд Европа фойдасига

Газ нефт ва кўмирдан фарқли ўлароқ, Европанинг Россияга қарши санкцияларига тушмади, чунки Европа Иттифоқи арзон ва нисбатан табиий тоза ёнилғидан воз кечишни истамади.

Бироқ Путиннинг ўзи бу мавзуни очди: Украинадаги уруш даврида Кремль назоратидаги «Газпром» компанияси турли баҳоналар билан Европа Иттифоқига газ етказиб беришни 80 фоизга қисқартирди.

ЕИ бутун Россия газининг 40 фоизини импорт қилиб келгани, ҳатто юқори нархга ҳам унинг ўрнига муқобил ресурс топиш қийин бўлиши сабаблари ортидан Европа давлатлари саноат тўхтаб қолиши ва совуқда қолган аҳолининг оммавий тартибсизликлар уюштириши хавфи билан тўқнашди.

Аммо булар юз бермади. Қуйидаги беш омил ёрдамида вазиятдан чиқилди:

— Россия газ юборишни бутунлай тўхтатмади;

— Газ захира омборлари деярли тўлиқ тўлдирилди;

— Инсонлар ва корхоналарга субсидиялар орқали ёрдам берилди;

— Октябр ва ноябр ойларида об-ҳаво рекорд даражада иссиқ бўлди;

Европаликлар газни тежашни ўрганди (ёки мажбур бўлди).

Бу омиллардан фақатгина охиргиси бутунлай Европа иттифоқи ҳукуматлари қўлида. Улар Кремль устидан нафақат биринчи қишки газ урушида, балки бутун энергетика урушида ғалаба қозониш учун айнан шу омилга эътибор қаратмоқчи.

«Ҳозир биз келгуси қишга тайёргарлик кўришга эътибор қаратишимиз керак. Бу қиш эмас, балки кейинги қиш учун. Биз бу қишда хавфсизликдамиз», — деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

У шунингдек, «Албатта, биз бу учун катта маблағ сарфладик», дея қўшимча қилган.