08:18 / 15.12.2022
3495

Ширкатлар электр корхоналаридан қанча қарздор экани маълум қилинди

Фото: Kun.uz

“Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш органларини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президентнинг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 сентябрга қадар муаммоли кредитор қарздорликлари мавжуд ҳар бир уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарув усулини ўзгартириш бўйича уй-жой мулкдорлари умумий йиғилиши қарори қабул қилинган тақдирда уларни молиявий соғломлаштириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таклифига розилик берилган.

Кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари ширкатлари ҳисобдан чиқариладиган ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги 79,7 млрд сўм миқдоридаги мавжуд қарздорлиги ва улар учун ҳисобланган жарималар ҳудудлар кесимидаги тақсимоти маълумот учун қабул қилинади.

Бунда, кўп квартирали уй-жойлар мулкдорлари ширкатлари 2022 йил 1 июнь ҳолатига ҳудудий электр тармоқлари корхоналари олдидаги электр энергиясидан қарздорлиги ва улар учун ҳисобланган жарималар белгиланган тартибда расмийлаштирилган солиштирма далолатномалар асосида мос равишда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва харид қилиниши бўйича кетма-кетлик асосида иштирок этувчи корхоналар ҳисобидан чиқариб ташланади.

Энергетика вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда қарорда назарда тутилган вазифалар сифатли ва ўз муддатида амалга оширилиши юзасидан қатъий чоралар кўради.

Top