БМТ Бош ассамблеяси Қрим бўйича янгиланган резолюцияни қабул қилди
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси иштирокчилари аннексия қилинган яриморолдан Россиянинг Украинага қарши тажовуз қилиши мақсадида фойдаланишини қоралади.
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси 15 декабрь, пайшанба куни Россия томонидан аннексия қилинган Украинанинг Қрим яриморолида инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича янгиланган резолюцияни қабул қилди, резолюцияда Россиянинг кенг кўламли истилоси бошланганидан бери шаклланган шарт-шароитлар ҳисобга олинган. Халқаро ташкилотга аъзо 82 давлат «Вақтинча босиб олинган Қрим автоном республикаси ва Украинанинг Севастопол шаҳрида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият» ҳужжатини қўллаб-қувватлаш учун овоз берди, деб хабар қиляпти «Укринформ» агентлиги. Россия, Беларус, Зимбабве, Эрон, Хитой, Шимолий Корея ва Сурия каби 14 давлат қарши чиқди. Яна 80 та давлат бетараф қолди.
Қабул қилинган ҳужжатда яриморолдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича ўтган йиллардаги шунга ўхшаш резолюцияларда мавжуд бўлган қоидаларга қўшимча равишда, Россиянинг Қримдан Украинага тажовуз қилиш мақсадида фойдаланиши ва Херсон ва Запорижжя вилоятларини ноқонуний аннексия қилишга уринишларни қўллаб-қувватлаш қораланади. Резолюцияда Россия «Украина ва украиналикларга нисбатан нафрат уйғотганликда, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини оқловчи дезинформация тарқатишда» айбланади.
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси «Қримдаги ўзбошимчалик билан қўлга олишларнинг мисли кўрилмаган янги тўлқини, Қримга ва Қримдан мажбуран кўчириш», изсиз ғойиб бўлиш ҳолатлари, шунингдек, «кўчирилган шахсларни фильтрлаш тартибини» қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблайди. Резолюцияда «Россиядан Украинага қарши агрессияни зудлик билан тўхтатиш ва Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралари доирасида барча қуролли кучларини сўзсиз олиб чиқиб кетиш талаб этилади».
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
16:16 / 16.11.2024
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
10:20 / 11.11.2024