Ўзбекистон | 15:38 / 16.12.2022
40618
2 дақиқада ўқилади

Ноёб фото: Транспорт вазири – автобусда

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов биринчи марта жамоатчилик қаршисида автобусда кўриниш берди. Лекин у ишга ёки уйига автобусда кетаётгани йўқ: президент танқидидан кейин, жамоат транспортидаги муаммоларни жойига чиқиб ўрганаётган ички ишлар вазирига ҳамроҳлик қиляпти.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Тошкент жамоат транспорти бир неча ой кучайтирилган режимда ишлайди ва бу вақт мобайнида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг назоратида бўлади. Бу топшириқ ижроси юзасидан Бобожонов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан бирга, 16 декабр куни Юнусобод туманидаги 8-сонли автобус саройига борди.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, икки вазир бошлиқ ишчи гуруҳ автобус саройи ва унинг тасарруфидаги жамоат транспортларида йўловчилар учун яратилган қулайликлар ва муаммоларни ўрганяпти.

Фото: ИИВ матбуот хизмати
Фото: ИИВ матбуот хизмати
Фото: ИИВ матбуот хизмати
Фото: ИИВ матбуот хизмати

Бу ўрганиш ишлари – икки вазирнинг ўз ташаббуси эмас. Улар президент топшириғидан кейин шаҳарда жамоат транспорти қай аҳволда эканини кўчага: бекатларга ва автобусга чиқиб, ўз кўзи билан кўришига тўғри келган.

Шавкат Мирзиёев 13 декабр куни 18-автобус саройига бориб, Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни танқид қилган эди. Давлат раҳбари автобуслар сони камлиги, йўловчилар бекатларда узоқ кутиб қолаётганини айтганди. Шу куни президент топшириғи билан баҳоргача шаҳарга мингта янги автобус олиб келинадиган бўлди, “Тошшаҳартрансхизмат” тизимидаги автобус ҳайдовчиларининг маоши 5-6 миллион сўмга етказилди.

14 декабр куни шаҳат транспорт бошқармасида мажлис ўтказилди. Унда 7-, 8- ва 18-сонли автобус саройлари Ички ишлар вазирлигига бириктирилди, вазирликка тегишли 30 та Isuzu автобуси йўналишларга чиқарилди. Лекин Isuzu автобуслари ногиронлиги бўлган ва жисмоний ҳаракатланиши чекланган шахслар учун мўлжалланмаган. Ваҳоланки, бунақа автобусларни шаҳар жамоат транспортига қўйиш президент фармонига асосан 2018 йил 1 мартдан тақиқланган.

Шунингдек, автобусларнинг бекатларга келиш интервалларини қисқартириш мақсадида, носоз автобуслар тезкор таъмирланди. Шу ва бошқа чоралар ҳисобига, Тошкент кўчаларида йўналишларга чиққан автобуслар сони 2 кун ичида салкам 150 тага кўпайди.

Мавзуга оид