Уч йил муқаддам мактаб ўқитувчиси интернетга жойлаган сурат дунё жамоатчилигини ҳаяжонга солган эди. Суратда 3-синф ўқувчиси – сочлари муз (булдуруқ) билан қопланган, ёноқлари қип-қизил бола тасвирланганди. Унга нима бўлганди?
Кичкина болакайнинг кучли иродаси ҳақида ҳикоя
Бошланғич мактаб ўқувчиси Ванг Фуман бувиси ва опаси билан Хитойнинг Юннан провинциясидаги шаҳарчада яшар эди. Бу шаҳарча тоғлар бағрида жойлашган бўлиб, тараққиётдан узилиб қолган жой эди.
Ванг ҳали чақалоқлигидаёқ ота-онаси ишлагани кетишга мажбур бўлади. Отаси уйга 3-4 ойда бир келар, тинимсиз меҳнат қилганига қарамай, кўп пул тополмасди. Оила шундай муҳтожликда яшаганки, фарзандларига оддий бош кийим сотиб олишга ҳам қурби етмаган.

Таълим олиш – қашшоқликдан қутулишнинг ягона йўли
Ванг ҳар куни Чжаотун кичик шаҳарчасидаги мактабга деярли 5 километр (4,8 км) йўлни пиёда босиб ўтади. Тоғда айниқса, январь ойида ҳаво ҳарорати жуда совиб кетади. Имтиҳон топшириладиган кун бўлгани учун Ванг изғиринга қарамай бош кийим ва қўлқопсиз, енгил курткада йўлга тушади.
013-расм. Болакай босиб ўтадиган тоғ йўли
Болакай мактабига етиб келиб, синфига кирганида сабоқдошлари бараварига кулиб юборишади. Чунки унинг сочлари, қошлари ва киприкларида муз қотиб қолган, ёноқлари қип-қизариб кетганди. Ахир 9 даража совуқда бошяланг, юпун ҳолда шунча йўлни босиб ўтишнинг ўзи бўладими?!

























