«Аниқланишича, босқинчи давлатнинг ҳарбий режаларига бир қатор собиқ юқори мартабали амалдорлар ҳисса қўшган. Улар босқинчиларнинг ҳарбий шахсий таркиби ва ҳарбий техникасини кўпайтириш билан «машғул бўлишди». Биринчидан, уларнинг «ёрдамидан» 2014 йилда Қрим Автоном Республикаси ва Севастопол шаҳрининг аннексия қилиниши, кейинроқ эса 2022 йил февралида Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли агрессияси учун фойдаланилган», — дейилади ДТБ баёнотида.
Терговчиларнинг фикрича, Виктор Янукович кейинчалик «Ҳаркив келишуви» деб номланган қонун лойиҳасини тайёрлаган: собиқ президент таклифи билан ҳужжат Украина ҳукумати томонидан маъқулланган, кейинроқ эса Олий Рада томонидан ратификация қилинган.
«Ҳаркив келишуви» — Россия ва Украина ўртасида 2010 йил 21 апрелда имзоланган шартнома. Бу Украина учун Россия газининг нархини қайта кўриб чиқиш эвазига Россия Қора денгиз флотининг Қримда қолиш муддатини дастлаб кутилган 2017 йилдан 2042 йилгача узайтириш имконини берди. Россия номидан уни ўша пайтда мамлакат президенти лавозимини эгаллаб турган Дмитрий Медведев имзолади. Россия 2014 йил апрелида Қримни аннексия қилиб, шартномани бир томонлама бекор этди.
Янукович ва Азаров нимада айбланмоқда?
ДТБ хабарига кўра, Янукович томонидан имзоланган келишув Украина манфаатларига зид бўлган ва ҳудудий яхлитлигига рахна солган.
«Ҳаркив келишуви» тажовузкорга 2014 йилда яриморолни эгаллаш учун етарли ресурсларга эга бўлиш ва 2022 йил февралида Украинага тўлиқ миқёсда бостириб кириш имконини берди. Ваҳоланки, Россия 1997 йилдаёқ яриморолдаги ҳарбий флотини камайтириши лозим эди», дейилади тергов идораси баёнотида.
ДТБ фикрига кўра, Украинанинг собиқ президенти ва бош вазирининг ҳаракатлари туфайли Россия армияси шахсий таркиби ва уларнинг ҳарбий техникаси келишувларда белгиланган миқдордан ошиб кетган. Хусусан, Севастополда 2013 йил охири - 2014 йил бошида камида 2,9 минг денгиз пиёдаси, 152 та зирҳли жанговар машина, 100 мм ва ундан юқори калибрли 30 та артиллерия тизими бор эди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси мавжуд ускуналарни яширинча модернизация қилган, бунга Украина расмийлари эътибор бермаган.
Буларнинг барчаси Қрим ҳудудини Россия томонидан босиб олинишига ва босиб олинган ҳудудларда Россия Қуролли Кучларининг янги қисмларини шакллантиришга ёрдам берган, ўз навбатида бундан Украинага тўлиқ миқёсда бостириб кириш учун фойдаланилган.
Яна кимлар гумон қилинмоқда













