Murad Buildings ва Қозоғистоннинг BI Group компаниясининг Тошкентдаги навбатдаги янги қўшма лойиҳаси - янги турар жой даҳаси қурилиши бошланди. Лойиҳа тақдимот маросими бир-бирига қардош давлатлар президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг учрашуви ҳамда қўшма объектларнинг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилди.

Маросимда BI Group холдинги раҳбари Айдин Раҳимбоев 500 миллион доллар сармоя киритиладиган лойиҳа ҳақида гапирди. Мазкур лойиҳа 1,5 миллион квадрат метрдан ортиқ ижтимоий, тижорат ва турар жой инфратузилмаси қурилишини ўз ичига олган. Қўшни давлатлар президентлари қурилишни бошлашга розилик билдиришди.

“Бигвил” Чирчиқ дарёси бўйлаб барпо этилади. Турар жой даҳаси ҳудудида бош режага мувофиқ шаҳар боғлари ва хиёбонлар, йўллар, ижтимоий инфратузилма (мактаб, болалар боғчалари, поликлиникалар, театрлар, савдо мажмуалари, маъмурий бинолар), шунингдек, дарё бўйлаб ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

Бигвил лойиҳаси МДҲ мамлакатлари орасида "шаҳар ичидаги шаҳар" туридаги янги ва катта концепция бўлиб, унда турар жой мажмуаларидан ташқари шинам ва фаровон ҳаёт учун зарур бўлган ҳамма қулайликлар барпо этилади: тиббиёт, таълим, спорт иншоотлари, савдо майдончалари ва боғлар, қулай кириш йўллари.

BI Group директорлар кенгаши раиси Айдин Раҳимбоев янги лойиҳадан кўзланган мақсад ҳақида гапириб берди:

“Мутахассисларнинг башоратларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозори мамлакат иқтисодий ривожланишининг асосий омилларидан бирига айланиши мумкин. “Murad Buildings” компаниясининг илғор ғоялари ва “BI Group”нинг йирик лойиҳаларда орттирган бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда, биз биргаликда ушбу янги даҳада яшовчилар учун, шунингдек, Тошкент шаҳри аҳолисига қулай яшаш учун барча шароитларни яратмоқчимиз”.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмоновнинг айтишича, ушбу лойиҳа пойтахт аҳолиси учун катта аҳамиятга эга:

“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида яқин шериклик муносабатлари ўрнатилган. Амалдаги ва янги қўшма лойиҳаларнинг амалга ошиши кўп жиҳатдан муҳтарам президентларимизнинг шарофати билан бўлиб, шу каби янгидан янги иншоотларнинг барпо этилишига хизмат қилмоқда. Чирчиқ дарёси бўйидаги лойиҳа Тошкент шаҳри учун муҳим ва аҳамиятлидир. Биз уни чин дилдан қўллаб-қувватлаймиз. Унинг шарофати билан инфратузилма, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар янада ривожланиб, фуқароларнинг яшаши учун қулай ва шинам муҳит яратилади. Ҳокимлик вакили сифатида уни тарғиб қилишга ва ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигимизни тасдиқлайман”, - деди ҳоким ўринбосари.