Ўзбекистон | 15:55 / 23.12.2022
8346
2 дақиқада ўқилади

Паркентда ноқонуний кесилган дарахтлар учун туман ободонлаштириш бўлими бошлиғига жиноят иши қўзғатилди

Туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи ва бошқаларнинг масъулиятсизлиги ортидан ўсимлик дунёсига 587 млн 503 минг сўм зарар етказилган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Ижтимоий тармоқларда Паркент тумани “Красногорск” қўрғонида бир неча йиллик дарахтлар кесиб ташлангани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолатни Тошкент вилояти экология бошқармаси тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Паркент тумани ободонлаштириш бўлими томонидан ДХАга 2022 йил 25 октябрь куни йўлланган аризада қуриётган ёки қуриб қолган 6 туп ёввойи олма, 16 туп терак, 12 туп Зарафшон арчаси, 25 туп паст бўйли қайрағоч, 8 туп шумтол, 6 туп заранг баргли чинор дарахтларини кесишга рухсат сўралган.

Бироқ “Красногорск” қўрғони ҳудудидаги Ойдин, Тойбулоқ, Саид ота, Файзобод маҳалласи ҳудудлари кўздан кечирилганида 57 туп кўп йиллик соғлом дарахтлар таг қисмидан ноқонуний кесилгани аниқланган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Тошкент вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, Паркент тумани ободонлаштириш бўлими томонидан туманнинг “Қизил тоғ” МФЙ ҳудудидаги қуриб қолган дарахтларни кесиш юзасидан ДХАга электрон шаклда мурожаат қилинган.

Аммо жараёнда Паркент тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ва бошқа масъуллар масъулиятсизликка йўл қўйган. Оқибатда рухсат берилган дарахтлардан ташқари 7 туп дарахт ҳам кесилган ва ўсимлик дунёсига 587 млн 503 минг сўм зарар етказилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Паркент тумани ободонлаштириш бўлими бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид