Татаристонда яна президент унвонидан воз кечиш таклиф қилинмоқда
Татаристон давлат кенгаши республика конституциясига ўзгартириш киритиши лойиҳасини эълон қилди. Унга кўра, ҳудуд раҳбари «Татаристон республикаси раҳбари» ёки «Татаристон республикаси раиси» деб аталиши кўзда тутилган.
«Бу орқали биз «Россия федерацияси субъектларида маҳаллий ҳокимликларни ташкил этиш принциплари» тўғрисидаги қонун талабини бажарган, шунингдек, Татаристоннинг анъанавий маданиятини кўрсатган бўламиз», деган қонун ижодкорларидан бўлмиш Татаристон давлат кенгаши қурилиш бўйича қўмитаси раҳбари Алберт Хабибулин.
Юқорида айтилган қонунга кўра, Россия ҳудудий раҳбарлари президент деб аталмаслиги қайд этилган. Яъни, қонун Россияда фақат Путин президент деб аталиши мумкин деган мазмунда.
Аммо Хабибулиннинг айтишича, Татаристоннинг узоқ йиллик ва амалдаги раҳбари Рустам Минниханов президент деб аталишда давом этиши мумкин ва қонун лойиҳасига кўра, президент деган номга тақиқ ҳудуднинг кейинги сайловларда ғалаба қозонган раҳбарларига тегишли бўлади. «Минниханов президент сифатида сайланган, одамлар унга президент лавозимига номзод сифатида овоз беришган», дейди Хабибулин.
Татаристон конституциясига киритилаётган ўзгаришлар республикани 2010 йилдан буён бошқариб келаётган Миннихановга 2025 йилги сайловда ҳам ўз номзодини илгари суриш имконини беради.
Россияда фақат Путин президент деб аталиши кераклиги ҳақида сиёсат 2010 йилдан мавжуд. Масалан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров президент лавозимидан намойишкорона воз кечганди. Минниханов эса ўшанда «Менинг лавозимим ўзимга жуда маъқул, ахир мен президент сифатида қасамёд қилганман», деганди.
Россияда Минниханов президент унвонини сақлаб қолиш учун «курашиши» ҳақид кўп гапиришади. Аммо бу борада Минниханов ва Кремль ўртасида қандайдир кескинлик мавжудлиги маълум эмас.
Мавзуга оид
10:50 / 24.10.2024
Татаристон Ўзбекистонда қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтиради
07:30 / 24.10.2024
Шавкат Мирзиёев Татаристоннинг "Дўстлик" ордени билан тақдирланди
17:06 / 29.09.2024
Татаристонда оғир автоҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароси ва унинг онаси ватанга қайтарилди
10:15 / 03.09.2024