Самарқандда ўзганинг машинасида ЙТҲ содир этган профилактика инспектори лавозимидан озод этилди
У энди Қорақалпоғистонда ишлаши мумкин.
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида хурмача қилиқлари билан интернетда танилган профилактика инспектори Салоҳиддин Пардақулов ишдан олинди.
«Ўзига тегишли бўлмаган фуқаронинг Equinox машинасида йўл- транспорт ҳодисаси содир қилган профилактика инспектори вилоят ИИБ бошлиғининг 2022 йил 21 декабрдаги буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», дея хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Kun.uz сайтида 2022 йилнинг октябр ойида Паст Дарғом тумани Манғитобод маҳалласида профилактика инспектори бўлиб ишлаб келган Пардақуловнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида суриштирув эълон қилинганди. У ўзи ишлаб келган маҳалладаги фуқаронинг машинасини ҳужжатсиз бошқариб, бир неча марта йўл қоидаларини бузган. Қаршисида йўлдан қайрилиб олаётган «Ваз 2107»га бориб урилиши оқибатида икки машинага ҳам зарар етган. Суд «Ваз 2107» ҳайдовчисини айбдор, деб қарор чиқарган. Бироқ Equinox эгаси Фозил Нормуродов ўз интервюсида профилактика инспектори ваколатини суиистеъмол қилгани учун зарарни у қоплаб беришини талаб қилганди.
Kun.uz’га тақдим қилинган видеода профилактика инспектори ўша куни бир неча жойда бўлиб, номаълум шахслар билан мулоқотда бўлгани акс этган. Паст Дарғом туманида ишлаш унга қулайлиги, ҳудудда таниш-билиши кўплиги, «исталган ишни биттада битириши» билан мақтанади.
Суриштирув эълон қилинганидан сўнг, вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов танқидий руҳда йиғилиш ўтказиб, профилактика инспектори Салоҳиддин Пардақулов тизим шаънига доғ туширгани учун отасининг олдида огоҳлантирганди. Унга нисбатан жиддий ва кескин қарор қабул қилишини айтганди.
Kun.uz манбасига кўра, номаъқул ҳаракатлари учун лавозимидан озод қилинган Салоҳиддин Пардақулов Қорақалпоғистон Республикасида фаолиятини давом эттириши мумкин.
Мавзуга оид
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
13:20 / 17.12.2024
Россиядаги ЙТҲда 5 нафар ўзбекистонлик вафот этди
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
09:54 / 12.12.2024