08:49 / 26.12.2022
6722

Сербия жануби-шарқида аммиак сизиб чиқиши сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилди

Сербиянинг Пирот шаҳри яқинида аммиакли юк поезди рельсдан чиқиб кетди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 51 кишида заҳарланиш белгилари кузатилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сербия жануби-шарқидаги Пирот шаҳрининг бир қанча туманларида аммиак олиб кетаётган юк поезди рельсдан чиқиб кетгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Воқеа 25 декабрь, якшанба куни кечқурун содир бўлган. Сербия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сизиб чиққандан сўнг аммиак ташқарига чиқиб, атмосферага катта миқдорда тарқалган.

Шаҳар мэри Владан Васичнинг сўзларига кўра, 51 кишида газдан заҳарланиш белгилари аниқланган, улардан етти нафари касалхонага ётқизилган. 60 мингга яқин аҳолиси бўлган Пиротда бир қатор кўчалар тўсиб қўйилган. Аҳолига зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмаслик тавсия этилган.

Сербия ОАВ маълумотларига кўра, аммиак сизиб чиқиши туфайли кўриш имконияти чекланганлиги сабабли Болгарияга олиб борувчи шосседа бир нечта автомобиль фалокатга учраган. Магистраль тўсиб қўйилган, маҳаллий йўллар бўйлаб ҳаракат ташкил этилган.

Сербиянинг Srbija Kargo миллий юк темирйўл компанияси маълумотларига кўра, рельсдан чиқиб кетган поезд қўшни Болгариядан хавфли юк олиб кетаётган 20 та цистернадан иборат бўлган. Маълумотларга кўра, ҳодиса турар жойлардан ташқарида содир бўлган. Хавфсизлик мақсадида тўрт километр радиусдаги ҳудуд ўраб олинган. Ҳодиса сабаблари аниқлаштирилмоқда.

Top