Жаҳон | 10:36 / 31.12.2022
10196
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг бир қатор давлатлари коронавирусга қарши чораларни кучайтиряпти

Январь ойидан бошлаб Хитойдан саёҳатчилар Франция ва Англияга киришда мусбат COVID-19 тестини топширишлари керак.

Фото: Getty Images

Хитойда коронавирус инфекциялари сони ортиб бораётгани ҳақидаги хабарлар фонида бир қатор давлатлар Хитойдан келаётган саёҳатчиларни текширишни кучайтирмоқда. Франция ва Англия 30 декабрь, жума куни ушбу йўловчилар 2023 йилнинг 1 ва 5 январидан тегишли равишда чегарани кесиб ўтаётганда киришдан камида 48 соат олдин ўтказилган COVID-19 учун мусбат тест натижасини тақдим этишлари кераклигини эълон қилди.

Хитойдан Шотландия, Уэлс ва Шимолий Ирландияга тўғридан тўғри рейслар мавжуд бўлмаса-да, Буюк Британия ҳукумати бундай чекловларни бутун Бирлашган Қиролликка кенгайтириш устида ишламоқда, деб хабар берди Британия ҳукумати.

Испания, Жанубий Корея, АҚШ ва Ҳиндистон ҳам чекловларни кучайтириш режаларини эълон қилишди. Италияда улар аллақачон кучга кирган.

Ўз навбатида, Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах ҳозирда бундай чораларни зарур деб ҳисобламаслигини айтди, бироқ Европа аэропортларида коронавирус учун ҳар томонлама «вариантлар мониторинги»ни эълон қилди.

Аввалроқ, 26 декабрь куни Германия ҳукуматининг коронавирусга қарши кураш бўйича экспертлар кенгаши аъзоси, германиялик шифокори Кристиан Карагяннидис 2023 йил баҳоригача COVID-19 пандемиясининг тугашини тахмин қилган эди. «Мен пандемия аста-секин тугашига ишонаман», деди у Redaktionsnetzwerk Deutschland нашрлари гуруҳига берган интервьюсида.

7 декабрь куни Хитой ҳукумати кўпчилик учун кутилмаганда сўнгги уч йил давомида олиб борган коронавирусга нисбатан «ноль бардошлик» сиёсатидан воз кечишини эълон қилди. Айни пайтда, тасдиқланмаган расмий маълумотларга кўра, декабрь ойининг биринчи уч ҳафтасида Хитойда коронавирус инфекцияси 248 миллион кишида қайд этилган. Олимлар COVID-19'нинг янги вариантлари пайдо бўлишидан хавотирда.

29 декабрь куни Европа Иттифоқи даражасида ушбу мавзу бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Стелла Кириакидис Европа Иттифоқига аъзо давлатларни коронавирусга қарши кураш бўйича миллий чораларни текширишга ва керак бўлганда уларни кучайтиришга чақирди. Брюсселда ушбу мавзунинг навбатдаги муҳокамаси январь ойи бошида ўтказилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид