БМТ Меркел ва Олланднинг Минск келишувлари ҳақидаги сўзларини изоҳлашдан бош тортди
Германия собиқ канцлери Меркел ва Франция собиқ президенти Олланд Минск келишувларини Украина билан урушнинг «кейинга сурилиши» деб атади. Меркелнинг сўзларига кўра, Минск Украинага вақт ютишга имкон бериш учун мўлжалланганди.
БМТ Германия собиқ канцлери Ангела Меркел ва Франция собиқ президенти Франсуа Олланднинг Минск келишувлари Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаронинг «кейинга сурилиши» бўлгани ҳақидаги гапларига изоҳ беришдан бош тортди. БМТ вакили Стефан Дюжаррик 4 январь, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда жаҳон ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Меркел ва Олланд фикрига қанчалик қўшилади, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.
«Бу жуда қонуний савол, лекин мен тарихий таҳлилни журналистлар, собиқ амалдорлар ва тарихчилар ихтиёрига қолдираман. Биз бор эътиборни ҳозирги вазиятга қаратганмиз», - деди Дюжаррик.
Декабрь ойи бошида Ангела Меркел Die Zeit нашрига «2014 йилги Минск келишувлари ўша пайтда НАТОга қўшила олмаган Украинага вақт беришга уриниш бўлганини» айтганди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда Путин Украинани осонгина эгаллаб олиши мумкин эди ва Шимолий Атлантика альянси давлатлари Киевга ҳозиргидек ёрдам бермаган бўларди. Меркелнинг сўзларига кўра, Украина бу вақтдан кучайиш учун фойдаланган.
Франсуа Олланд декабрь ойи охирида Меркелнинг гапларига қўшилганди. «Минск келишувлари Россия ҳужумини бир муддат тўхтатди», деб маълум қилди у. Ўшандан бери Украина «ҳарбий позициясини мустаҳкамлади», унинг қўшинлари эса 2014 йилга қараганда яхшироқ тайёргарликдан ўтган ва жиҳозланган. «Минск келишувларининг афзаллиги шундаки, Украина армияси шундай имкониятга эга бўлди», - деди Олланд.
Россия расмийлари Меркел ва Олланднинг позициясини танқид қилиб, энди Россияда европалик сиёсатчиларнинг сўзлари ва имзоларига ишонмаслик учун асос борлигини таъкидлади. Биринчи Минск келишувлари 2014 йилда, иккинчиси эса 2015 йилда Украина, Россия ва ЕХҲТ вакилларидан иборат Донбассдаги вазиятни тартибга солиш бўйича уч томонлама алоқа гуруҳи томонидан тузилган. «Минск-2»ни ишлаб чиқишда Франция ва Германия иштирок этди.
Битимлар вазиятни ҳал қилиш бўйича асосий чора-тадбирларни, томонларнинг ўт очишни тўхтатиш, буфер зонага оғир қуролларни жойлаштиришдан бош тортиш ва асирларни «ҳамма учун» тамойили бўйича алмашиш мажбуриятларини мустаҳкамлаб қўйди. Кейинчалик бу шартларнинг аксарияти бажарилмади, томонлар бир-бирларини уни бузишда айблаб чиқди.
Мавзуга оид
16:16 / 16.11.2024
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024