Баёнотда айтилишича, маъмурий ислоҳотларга оид фармон ва қарор лойиҳалари “чуқур таҳлиллар асосида”, миллий ва ҳалқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган.

Халқаро эксперт сифатида халқаро ташкилотлар, хусусан БМТ вакиллари иштирок этгани, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Кенгашининг “Тартибга солиш сиёсати ва давлат бошқаруви бўйича тавсиялари”даги давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича 12 та асосий тавсиялари ўрганилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни 2021 йил ноябрда бошланган, “яъни маъмурий ислоҳотлар доирасидаги ўзгаришлар бир кун, бир ойда шаклланмаган”.

“Ўтган давр мобайнида барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 мингта функциялари чуқур таҳлил ва хатловдан ўтказилди, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар тугатилмоқда, қайси вазифа қайси идорага тегишлилиги аниқ белгиланди.

Натижада ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқарди, 20 та идора тўлиқ тугатилди. Ҳукуматда амалдаги 8 нафар бош вазир ўринбосари ва 3 нафар бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар бош вазир ўринбосари қолдирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, маъмурий ислоҳотларга қадар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда вазирлик ва идоралар сонининг кўплиги танқид қилинарди, турли хил экспертлар чиқиш қилиб, бу борада кескин фикрларни ҳам билдиришарди. Бироқ, бу борада юқорида қайд этилганидек радикал ўзгариш қилинганлиги, вазирлик ва идоралар, мансабдор шахслар сони тубдан қисқарганлигига қарамасдан ушбу ҳолатни асоссиз субъектив талқин қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда”, – дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.

Давлат органи маъмурий ўзгаришларни “давлат бошқаруви тизимини институционал жиҳатдан янги босқич вазифаларини амалга ошириш йўлидаги навбатдаги сифат жиҳатдан янги ислоҳот” деб атаган.

“Бу ислоҳот натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – Вазирлар Маҳкамаси такомиллаштирилмоқда. Ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, функцияларнинг такрорланиши истисно қилинмоқда. Бюрократия қисқартирилмоқда. Ҳар қандай оқилона ташаббус, рўйхатдан ўтгандан сўнг, идоралараро мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш каби 9 поғонадан ўтишга мажбур бўлган амалиёт ўтмишда қолмоқда. Нотўғри, ҳаддан ташқари юкланган аппарат ўрнини эгилувчан, муайян муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тузилма эгаллайди. Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда. Вазирлик ва идораларнинг функцияларининг оптималлаштирилиши натижасида хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилмоқда”,