Қирғизистон собиқ президенти Асқар Акаевга нисбатан очилган жиноий иш тўхтатилди
Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати ўтгани туфайли унга нисбатан очилган иш тугатилди.
Қирғизистонда собиқ президенти Асқар Акаевга нисбатан Қумтор конидаги коррупция бўйича қўзғатилган жиноий иш тўхтатилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
«Асқар Акаевга нисбатан жиноий таъқиб, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати ўтгани туфайли тугатилди», деди Қирғизистон Бош прокуратураси халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Асилбек Акматов.
Бош прокуратура вакили Акаевга нисбатан ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда шериклик, 1992 йилда Камеко компанияси билан бош келишув тузиш ва 2003 йилда «Қумтор» лойиҳасини қайта тузишда бепарволик қилганлик айби қўйилганини эслатди.
2021 йил августида Акаев Қирғизистонга қайтиб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олди ва узр сўради.
Шу билан бирга, Акаев асосий айб «жиноий хатолар»га йўл қўйган ҳукуматда эканини таъкидлаб, қўл остидагиларга «кўр-кўрона ишонганини» айтди.
2022 йил 14 декабр куни яна Бишкекка қайтган Акаев махсус хизматлар томонидан сўроққа тутилган ва 20 декабр куни Москвага жўнаб кетган эди.
Асқар Акаев 1991-2005 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2005 йил март ойида юз берган оммавий тартибсизликлардан кейин Қирғизистонни тарк этиб, истеъфога чиққан эди.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024