Ўзбекистон | 10:00 / 15.01.2023
82154
6 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда қишки таътил яна узайтирилмоқда. Сўнгги маълумотлар

Етти вилоят ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси мактабларда дарслар 18 январдан бошланишини маълум қилди.

Республикада биринчи бўлиб ҳаво совуқлиги туфайли ўқувчилар қишки таътилдан кечроқ қайтишига рухсат берган Фарғона вилояти ҳокимлиги яна биринчи бўлиб бу муддатни 18 январга қадар узайтирди.

«Фарғона вилояти мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига асосланиб, вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, Фарғона вилоятидаги 975 та умумтаълим мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди. 

Ўқув машғулотлари 18 январ, чоршанба кунидан бошланади», дейилади хабарда.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳам Фарғонадан ўрнак олиб, қишки таътилни 16 январга кўчирганди. Эндиликда бу вилоятда ҳам ўқиш 18 январдан бошланадиган бўлди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига асосланиб, вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, Бухоро вилоятидаги мавжуд умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.

Ўқув машғулотлари 18 январ, чоршанба кунидан бошланади», дейилади хабарда.

Сирдарё вилоятида ҳам мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида таътил муддати узайтирилди.

«Юртимизда совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, аввало, ўқувчиларнинг саломатлиги, қолаверса, уларнинг таълим муассасасига қатнашида юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларни инобатга олган ҳолда вилоятдаги мавжуд 325 та мактаб ва 199 та боғчада дарс ҳамда машғулотлар 18 январдан бошланиши белгиланди.

Ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинди», дейилган вилоят ҳокимлиги хабарида.

Хоразм вилояти мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 2023 йил 18 январга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатларига асосланиб, вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани туфайли Хоразм вилоятидаги барча умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда мактабгача таълим муассасаларида қишки таътил 2023 йил 18 январга қадар узайтирилди. Ўқув машғулотлари 18 январь, чоршанба кунидан бошланади», дейилади хабарда.

Бунгача ушбу вилоятдаги мактабларда қишки таътил 16 январгача узайтирилганди.

Наманган вилоятидаги барча боғча, мактаб ва ОТМларда қўшимча таътил 18 январгача узайтирилди.

«Вилоятимиз ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётганидан келиб чиқиб, Наманган вилоятидаги 710 та умумтаълим мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда, барча мактабгача таълим муассасалари ҳамда Олий ўқув юртларида қўшимча таътил 18 январга қадар белгиланди. Ўқув машғулотлари 18 январ, чоршанба кунидан бошланади», дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Андижон вилоятида ҳам таълим муассасаларида таътил узайтирилгани маълум қилинди.

«Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда вилоят ҳудудида совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани туфайли Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида қишки таътил 2023 йил 18 январга қадар узайтирилди. 

Ўқув машғулотлари 18 январ, чоршанба кунидан бошланиши режалаштирилмоқда», дейилади хабарда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам бошқа ҳудудларга қўшилди.

«Вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида 12 январдан босқичма-босқич ўқишлар бошланган эди. 

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида, мактабларда давомат тушиб кетгани, қўшимча равишда туғилаётган айрим ноқулайликлар жойларда мактаб ота-оналар кенгашларининг вакиллари иштирокида муҳокама қилинди, маслаҳатлашилди. 

Юзага келган шароитдан келиб чиқиб, Тошкент вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида таътиллар вақти узайтирилди. Ўқишлар 18 январдан бошланишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги барча мактабларда ва боғчаларда, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил яна ўзайтирилди.

Бу ерда ҳам ўқув машғулотлари 18 январ кунидан бошланади.

Қолган ҳудудлар ҳозирча ўзгаришлар ҳақида расман хабар бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 5 январ куни Ўзбекистон бўйлаб кутилаётган совуқ ҳаво муносабати билан барча таълим муассасалари учун таътил 17 январга қадар узайтирилганди. 10 январ куни эса ҳукумат вилоят ҳокимликларига об-ҳаво ва муайян ҳудудлар ҳамда таълим муассасаларидаги шароитга қараб таътил жадвалини мустақил белгилашга рухсат бергани маълум бўлди.

10 январдан 11 январга ўтар кечаси аксарият вилоятлар ҳокимияти 11 январдан мактабда ўқиш қайта тиклангани ҳақида эълон қилди. Фақат Фарғона вилояти ҳокимлиги дарслар 16 январдан бошланишини (яна бир неча ҳудудлар 12 январдан) маълум қилди.

«Юксалиш» умумхалқ ҳаракати янги ҳафта олдидан мактаб ва боғчаларни очишга шошилмасликка чақирди. Бироқ ҳудудларда бу тавсияга эътибор қилинмади.

11 январ куни эса мактабларга деярли ҳеч ким келмади. Шундан кейин ҳокимликлар мактаб бошланиши 16 январга қолдиргани ҳақида хабар бера бошлаганди.

Мавзуга оид