Жаҳон | 08:12 / 18.01.2023
12409
2 дақиқада ўқилади

Лондон: Днипрога X-22 "Буря" ракетаси билан зарба берилган бўлиши мумкин 

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия Днипродаги турар жой биносига ердан фойдаланишда самарали бўлмаган кемаларга қарши ракета билан зарба берган, деб ҳисоблайди.

Фото: AP

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Днипродаги турар жой биносига катта эҳтимол билан Ту-22М бомбардимончи самолётидан учирилган Россиянинг Х-22 "Буря" кемаларга қарши ракетаси (НАТО таснифида - AS-4 Kitchen) урилган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги томонидан Twitter'да эълон қилинган кунлик ҳисоботга кўра, ракета ердаги нишонларга қарши қўлланганда ноаниқ, чунки унинг радар бошқарув тизими шаҳарлардаги нишонларни фарқлашда заиф.

Разведка маълумотларига кўра, шунга ўхшаш қуроллар тинч аҳоли орасида катта қурбонлар бўлган бошқа ҳодисалар, жумладан, 2022 йил 27 июнда Кременчукдаги савдо марказига қилинган ҳужумда ишлатилган. Россия расмийларининг Днипродаги уйни қисман вайрон қилишда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари иштирок этгани ҳақидаги даъвоси нотўғри, дейилади хабарда.

14 январь куни рус қўшинлари Украинага икки марта ракета билан ҳужум қилди. Украина Қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълум қилишича, мамлакат бўйлаб жами 38 та ракета учирилган. Ракеталардан бири Днипродаги Победа қирғоғи кўчасидаги турар жой биносига келиб тушган. Оқибатда иккита кириш жойи вайрон бўлган, 17 январь оқшомидаги маълумотларга кўра, 45 киши ҳалок бўлган, улардан олти нафари болалар. Украина ҳукумати буни уруш бошланганидан бери энг катта зарба деб атамоқда.

БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Россия қуролли тажовузи пайтида Украинада 7000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. Ҳалок бўлган ёки яраланган тинч аҳолининг аксарияти кенг таъсир доирасига эга бўлган портловчи қуроллардан, жумладан оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимларидан ўққа тутилган, шунингдек, ракета ва авиация зарбаларига учраган.

Мавзуга оид