Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси фақат Конституция, қонун ва суд бўлишини таъкидлади ҳамда мазкур йўналишда Ўзбекистонда Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича амалий ишлар бошланганини айтиб ўтди.

Халқаро тижорат суди нима?
Кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибасида мавжуд бўлган Халқаро тижорат судлари халқаро тижорат битимларидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқадиган ихтисослашган судлар ҳисобланади. Бундай судлар низоларни ҳал қилиш учун нейтрал форумни таъминлаш ва суд жараёнининг адолатли, самарали ва бошқариш учун қулай бўлишини таъминлашга қаратилган.
Халқаро тижорат судларига бўлган эҳтиёж замонавий бизнеснинг мураккаблиги ва глобал характерга эга бўлишидан келиб чиқади. Кўплаб компаниялар халқаро савдо билан шуғулланар экан, турли мамлакатлардан бўлган тадбиркор ва инвесторлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келиш эҳтимоли ортади. Халқаро тижорат судлари низолашаётган тарафларга ўз низоларини адолатли ва самарали тарзда ҳал қилиш ва томонлар ўртасида мавжуд бўлиши мумкин бўлган ўзига хос ҳуқуқий тафовутларни ҳисобга олган ҳолда, тегишли халқаро стандартларга мос воситаларни тақдим эта олишга мўлжалланган.
Мазкур турдаги судларнинг асосий хусусиятларидан бири бу уларнинг низоларни ҳал этишда халқаро стандартларни қўллаши ҳамда БМТ Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг Халқаро тижорат арбитражида далилларни олиш қоидаларидан фойдаланишидир. Ушбу қоидалар халқаро тижорат низоларида далилларни тўплаш ва қабул қилиш учун асос яратади ва суд жараёни адолатли ҳамда самарали бўлишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган. Шунингдек, ушбу судлар мамлакатни халқаро савдо ва инвестициялар маркази сифатида тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Қайси давлатларда Халқаро тижорат судлари бор?
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида Халқаро тижорат судлари фаолият юритмоқда. Жумладан, Сингапур, Нидерландия, Хитой ва Дубайда мамлакатни халқаро савдо марказлари сифатида тарғиб қилиш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида Халқаро тижорат судлари ташкил этилган. Ҳозирда бу судлар адолатли ва самарали фаолият кўрсатиши, халқаро тижорат низолари бўйича иштирок этувчи томонлар учун юқори даражадаги ҳуқуқий ишончни таъминлаганлиги билан шуҳрат қозонган.
Хусусан, Сингапурда 2015 йилда Сингапур Олий судининг бўлинмаси сифатида Халқаро тижорат суди ташкил этилган. Халқаро тижорат суди мураккаб халқаро тижорат низоларни кўриб чиқиш учун мўлжалланган бўлиб, турли мамлакатларнинг қонунлари ва амалиётлари ҳамда халқаро тижорат битимлари юзасидан вужудга келиши мумкин бўлган ҳуқуқий муаммоларни яхши биладиган тажрибали судьялар таркибидан шакллантирилган.













