Украина президенти Володимир Зеленский биринчи бўлиб президент офиси раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенкони истеъфога чиқарди.
Тимошенко «ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш» тўғрисида ариза ёзган.
«Украина президенти Володимир Зеленскийга ишонч ҳамда ҳар куни ва ҳар дақиқада хайрли ишлар қилиш имкониятини бергани учун миннатдорчилик билдираман», дея ёзган у телеграм-каналида.
Кирило Тимошенко сайловдан олдинги президентлик кампанияси давридан буён Зеленский жамоасида эди.

У 2019 йил 21 майида президент офиси (ўшанда бу тузилма президент администрацияси деб аталарди) раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаганди.
Унинг истеъфога чиқишининг аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас, аммо сўнгги вақтларда у қатор коррупция можаролари фигурантига айланганди.
Масалан, матбуотда унинг кўчмас мулклари ва қимматбаҳо автомобили бўйича саволлар пайдо бўлганди.
Тимошенко урушдан олдин ҳам, ҳукумат ташаббуси билан бошланган «Большая стройка» («Катта қурилиш») стратегик тараққиёт дастурини назорат қилганида бюджет маблағларини ўз манфаатлари учун сарфлаб юборгани бўйича танқидларга учраганди.
Арестович феномени. Украина президенти девонидаги шов-шувли истеъфо ҳақида
Мудофаа вазирлигидаги можаро
Куннинг иккинчи йирик истеъфоси Украина қуролли кучлари моддий-техник таъминоти учун масъул бўлган Вячеслав Шаповалов мудофаа вазири ўринбосари лавозимидан кетиши бўлди.
Унинг истеъфосини мудофаа вазири Олексий Резников қўллаб-қувватлаган.
















