Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт Украинага Leopard 2 танклари жўнатилиши ва бошқа давлатларга ҳам бу танкларни юборишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу борадаги миш-мишлар сўнгги кунларда кучайиб кетганди ва ниҳоят 25 январ куни бу қарор расман эълон қилинди.

Шу пайтга қадар Германия ўзининг асосий жанговар танкларини Украинага юборишдан ўзини тийиб келаётган ва бошқа давлатларга ҳам уларни етказиб беришга рухсат бермаётганди. Бу эса Киевда ҳам, Украинанинг Ғарбдаги бошқа иттифоқчилари орасида ҳам кескин норозилик уйғотганди.

Хебештрайтнинг сўзларига кўра, Германия тез орада Украина учун иккита танк батальонини тузади ва биринчи босқичда ўз захираларидан 14 та Leopard танкини Киевга юборади.

Яқин фурсатда Украина қўшинларини Германияда ўқитиш бошланади. Бундесвер, шунингдек, Киевни логистика, техник жиҳозлар ва ўқ-дорилар билан ҳам таъминлайди, дейилади баёнотда.

«Ушбу қарор Украинани қўлимиздан келганча қўллаб-қувватлаш ҳақидаги йўналишимизга мос келади. Биз халқаро даражада яқин ҳамкорликда ҳаракат қилмоқдамиз», деган Олаф Шолц Бундестагда сўзлаган нутқида.

Депутатлардан бирининг Германиянинг позицияси нима учун ўзгаргани ва нима учун танкларни юбориш эндиликда провокация сифатида қабул қилинмаслиги ҳақидаги саволига канцлер шундай жавоб берди: «Ёлғиз ҳаракат қилиш қўпол хато бўлган бўларди, биз ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан бирга ҳаракат қилишимиз лозим. ‘Провокацияʼ сўзини мен ҳеч қачон ишлатмаганман. Провокация — бу Россия томонидан Украинага қарши бошланган тажовузкор урушдир».

«Германиянинг асосий жанговар танклари, мудофаани қўллаб-қувватлаш ва ўқув миссияларини янада кенгайтириш, ҳамкорларга бундай қуролларни етказиб бериш учун яшил чироқдир. Мен бу муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган қарор ҳақида ҳозиргина Олаф Шолц билан суҳбатда хабар топдим», дея ёзади Украина президенти Володимир Зеленский.

У шунингдек «канцлер ва барча дўстларга самимий миннатдорчилик билдирган».

Берлиннинг розилиги немис танкларини нафақат Германиядан, балки бундай танкларга эга бўлган бошқа мамлакатлардан ҳам етказиб бериш имкониятини очади. Бундан ташқари, Киевдагиларнинг фикрича, бу анчадан бери Украинага замонавий ҳужум қуролларини беришга иккиланиб келаётган давлатлар учун ўзига хос психологик тўсиқни олиб ташлайди. Бунга қадар Украинага оғир танклар етказиб берилишини эълон қилган ягона давлат Буюк Британия эди.