— Ижтимоий тармоқларни кузатарканмиз, Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши масаласида жамоатчилик иккига бўлинганини кузатамиз. Аксарият интернет фойдаланувчилари унинг истеъфосини олқишлашган бўлишса, фикр билдираётганлар орасида собиқ ҳокимнинг ёнини олаётганлар ҳам бор. Уларнинг фикрича, пойтахтдаги барча муаммоларга, хусусан, аномал совуқ пайтида кузатилган энергоресурслар таъминотидаги узилишларга биргина Ортиқхўжаев айбдор эмас. Улар “асл айбдорлар тепада ўтиргани ва жазосиз қолишаётгани”ни айтишмоқда. Бу фикрларга қўшиласизларми?
Жамшид Муслимов, иқтисодчи:
— Бу фикрларга қўшилмайман. Чунки ҳоким ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда шаҳарни қишки мавсумга тайёрлаши керак эди. Агар бу борада қандайдир қийинчиликларга дуч келаётган бўлса, бу ҳақда президентни ва жамоатчиликни бохабар қилиши керак эди.
Кўрдикки, ош бериш, бир неча кун кутиб туриш каби ғалати ташаббуслар билан чиқди. Фикримча, бу ерда биринчи ўринда шаҳар ҳокими айбдор. Антикризис бошқарув кўникмаларга эга эмаслиги кўриниб қолди. Пандемияни ҳам бошдан ўтказди бу шаҳар ва бу орқали жиддий ҳолатларга кўникма, иммунитет ҳосил қилиш керак эди, аслида. Ортиқхўжаев шаҳар ҳокими бўлгандан бери унда бошқарувчилик қобилияти кўринмади.

Тадбиркор яхши бошқарувчи бўлиши мумкин ўз корпорациясида, лекин жамият билан боғлиқ бўлган давлат ишида бу ёрдам бермайди. Экстремал ҳолатларда қарор чиқариш кўникмаси бўлиши керак эди, аммо у ўз устида ишламади. Умуман, Ортиқхўжаевнинг ҳоким бўлиши бошидан хато эди.
Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари:
— Унинг шаҳар ҳокимлигига тайинланиши масаласини бир кўриб чиқсак. Чунки одатда пойтахт шаҳарларида жамоатчиликнинг ҳар қандай қатлами билан мулоқот қила оладиган кишилар бўлиши керак. Шу пайтгача унинг чиқишларида бирор марта «инсон ҳуқулари» деган жумлани ишлатганини эшитмадим.
Иккинчидан, пойтахт сифатида Тошкентда кўплаб зиёлилар, олимлар бор, аммо уларнинг бирортаси билан учрашганини кўрмадим. Умумий жиҳатдан Ортиқхўжаев яхши ёки ёмонлиги тўғрисидаги гапларга қўшилмайман. Яна бир масала бор: ундан олдинги ҳокимлар яхшироқмиди? Тарихга қараб чиқилса, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ҳеч ким яхшилик билан кетмаган.
















