Европада трансферларни рўйхатдан ўтказиш муддати тугади. «Спорт-Экспресс» бу сафарги трансферлар ойнасининг асосий тенденциялари ҳақида ёзди.

Қатар қаҳрамонларига «ов»

Жаҳон чемпионатлари доимо клубларнинг турнирда яхши иштирок этган футболчиларга жиддий эътиборини қаратади — айниқса бунгача диққат марказида бўлмаган ва шу турнирда порлаганларга. Қишда ўтган бўлса ҳам ЖЧ-2022 истисно бўлмади. Январдаги трансферлар ойнасида клублар одатда таркибни жиддий кучайтирмайди, шу туфайли Қатардаги турнирнинг барча қаҳрамонлари ёппасига янги клубларга ўтиши кузатилмади. Шунга қарамай тенденция барибир сақланиб қолди.

Трансферлар бозоридаги янгилик марокашликлар бўлди. Хусусан, Қатардаги турнирда миллий жамоа таянч зонасини бетонлаб ташлаган Аззедин Унаи ва Софьян Амрабатга қизиқиш юқори эди. Уларнинг биринчиси 8 миллион евро эвазига «Анже»дан «Марсел»га ўтди, иккинчисининг трансфери борасида «Фиорентина» ва «Барселона» ўртасида музокаралар узоқ давом этди, аммо италияликлар футболчини ижарага беришни исташмади. Ҳаким Зиёш ҳам клубини ўзгартириши кутилганди — «ПСЖ» дедлайн арафасида ушбу ҳавбекни «Челси»дан ижарага олиш бўйича келишувга эришганди, аммо лондонликлар уч марта Францияга нотўғри ҳужжатлар юбориши оқибатида трансфер барбод бўлди.

Турнирда бронза медаллар соҳиби бўлган Хорватия таркибидаги футболчиларга ҳам кўп клублар томонидан қизиқишлар бўлди. Масалан, Бразилия билан ўйиндаги жавоб голига ассистентлик қилган Мислав Оршич Загребнинг «Динамо»сидан «Саутҳемптон»га ўтди, дарвозабон Доминик Ливаковични эса «Вильярреал» ёки «Ноттингҳем Форест» сотиб олиши мумкин эди. Деян Ловреннинг «Лион»га кўчиб ўтиши ҳам қайсидир маънода ЖЧ-2022 таъсирида рўй берди.

Қатарда кутилганидан кучлироқ ўйин намойиш этган нидерландияликларнинг икки нафари АПЛ топ-клубларига ўтишди: Коди Гакпо — «Ливерпул»га, Ваут Вегҳорст — «МЮ»га. Икки метр бўйга эга австралиялик ҳимоячи Ҳарри Суттар дедлайн арафасида «Стоук Сити» либосини «Лестер» либосига алмаштирди. Барча топ-клублар учун биринчи нишон эса кутилганидек мундиалнинг энг яхши ёш футболчисига айланган Энцо Фернандес бўлди — «Челси» том маънода сўнгги дақиқага қадар «Бенфика» билан музокара олиб борди ва барибир португаллар клубини ўз жавоҳирини сотишга кўндирди. 121 миллион евро — аргентиналик ёш футболчи бир лаҳзада АПЛнинг энг қимматбаҳо футболчисига ва қишки трансферлар ойнаси тарихидаги энг қимматбаҳо харидлардан бирига айланди.