Бунёдкор кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида жойлашган, “Чилонзор” метро бекати жойлашган ҳудуд – пойтахтнинг энг гавжум нуқталаридан бири. Бу ерда автомобилларнинг ҳаддан зиёд кўплиги ҳамда йўл кенглигидан атрофга катта зарар етмоқда, пиёдаларга эса қулай шароитлар яратилмаган.

Чорраҳадан 23 та автобус ва 7 та микроавтобус ҳаракатланиши ҳам ҳудуднинг ўта гавжумлигини кўрсатади. Кўп рейслар такрорланиб қолган. Бунда транспорт тизимини соддалаштириш ва такомиллаштириш керак. Шундан келиб чиқиб линияга БРТ (Bus rapid transit – тез қатновчи автобус) қўйилса, уни бошқа транспорт ҳабларига ҳам улаш мумкин бўлади.
Масалан, электробусларни қўйса, алоҳида йўлак борлиги ҳисобига бу транспортнинг ўртача тезлиги ошади ва ҳозирги автобусларга нисбатан зарарсиз бўлади. Шунингдек, бекатлар бошқа давлатларда қилингани каби, турникетли бўлиши керак.

Бу ерда пиёдаларга яратилган имкониятлар жуда оз. Йўл устидан ўтиш учун икки томонга йўлак қилинган, холос. Шу билан барча қулайликлар тамом. Одамлар йўлнинг нариги томонига ўтиш учун ерости йўлагидан деярли фойдаланмайди. Асосан ер устидан йўлни кесиб ўтишади. Чунки ерости йўлаги пиёдалар ҳаракати учун ноқулай.
Шаҳарда соғлом одамлардан ташқари, ҳаракати чекланган инсонлар: ҳомиладор, болали аёллар, қариялар бор. Шунинг учун пиёдалар ўтиш йўлини ер устида қилган маъқул. Унда ҳаракатланиш хавфсиз бўлиши учун эса хавфсизлик оролчалари ташкил қилиниши лозим.

Йўлни торайтириш зарур. Менимча, автомобиллар учун 3 та йўлак ҳам етарли бўлади. Қисқартирилган жойларни велосипедчиларга мослаш, яшил майдонга айлантириш ҳамда у ерга пулли паркоматлар ўрнатган фойдали. Ишонинг, шундан кейин йўллар кенглигидан пиёдаларга ҳам жой қолади.
Қулай жамоат транспорти ҳайдовчиларнинг шахсий транспортдан воз кечишига хизмат қилади. Автомобилларга қанча шароит яратилмасин, тирбандлик масаласи ҳал бўлмайди.












