Ўзбекистон | 10:12 / 03.02.2023
14851
2 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби ўзгаради

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-, 31-, 71-, 81-бандлари ҳамда ушбу низомнинг 1-иловасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

2004 йилдан бошлаб чегарачилар учун офицер кадрларни тайёрлаш мақсадида собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг (ҳозирги кунда Ўзбекистон Қуролли кучлари академияси) умумқўшин факультетида чегарачилар гуруҳи ташкил қилинган.

Ушбу гуруҳга номзодларни қабул қилиш масаласи (ҳарбий-профессионал йўналтириш ва дастлабки саралаб олиш тадбирлари) Давлат хавфсизлик хизмати олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни қабул қилиш тартиби ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Қуролли кучлари академияси бакалавриат босқичининг “Қўшинларнинг тактик қўмондонлиги (чегара қўшинлари)” таълим йўналиши бўйича ўқишга номзодларни қабул қилиш давомида ҳарбий-профессионал йўналтириш ва дастлабки саралаб олиш тадбирларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 775-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низом янги 19-1-банд билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид