Наманган вилояти Косонсой туманидаги хонадонларнинг бирида чақнаш юз бериши оқибатида бир киши вафот этди. Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддиновнинг хабар беришича, Косонсой тумани «Нуробод» МФЙ Навбаҳор кўчаси рақамсиз яшаш уйида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 5 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан 1 нафари шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий хабарда.
7 феврал куни соат 07:30 ларда Наманган вилояти Косонсой тумани «Нуробод» МФЙ Навбаҳор кўчаси рақамсиз яшаш уйида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.
Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда «Ҳудудгазтаъминоти» ходимлари чиқишган.

















