Ўзбекистон | 18:54 / 08.02.2023
67947
3 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди. У товламачилик йўли билан 70 минг доллар талаб қилганликда гумонланяпти

Мўминов икки модда бўйича - фирибгарлик ва товламачиликда гумонланмоқда. У интернетда видео тарқатиш орқали жиноят ишини ҳал қилиб бериш учун 10 минг доллар сўраб, шундан 3800 долларини олгани, бошқа бир ҳолатда эса саҳифасида танқидий видеони чиқармаслик эвазига 70 минг доллар сўрагани айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати Абдуқодир Мўминов ҳибсга олингани бўйича расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, шаҳар ИИББга фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Мурожаат асосида текширув ўтказилган.

Мўминов 2021 йилнинг октябр ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10 минг доллар сўраб, шундан 3 800 долларини олдиндан олиб, берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганликда гумонланяпти.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябр ойида Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70.000 АҚШ доллари сўрагани айтилмоқда.

Фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида А.Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. У процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид