Трампнинг Facebook ва Instagram аккаунтлари тикланди
АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Instagram ва Facebook’даги аккаунтлари ҳам Twitter ижтимоий тармоғидан кейин блокдан чиқарилди.
Meta компаниясига тегишли Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг аккаунтларини блокдан чиқарди. Сиёсатчининг саҳифалари 9 февраль, пайшанба куни кечқурун фойдаланувчиларга яна фаол сифатида кўрсатила бошланди.
Трамп тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб киришга уринишдан кейин 2021 йил бошидан бери кириш имкони бўлмаган саҳифалар очилганидан дастлабки соатларда сиёсатчи содир бўлган воқеаларга муносабат билдирмади.
Собиқ президентнинг икки ижтимоий тармоқдаги аккаунтлари тикланиши ҳақида январь ойи охирида Meta компаниясининг глобал масалалар бўйича президенти Ник Клегг расман маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракат «такрорий қоидабузарликларга йўл қўймаслик учун» янги чекловлар билан бирга бўлади: агар Трамп платформа қоидаларини бузса, у яна икки йиллик тақиққа дуч келади.
2022 йил ноябрь ойи охирида Twitter эгаси Илон Маск ҳам бундан олдин фойдаланувчилар ўртасида сўровнома ўтказиб, Трампнинг ижтимоий тармоғидаги аккаунтини блокдан чиқарганди. Бизнесмен собиқ президентнинг Twitter аввалги эгалари томонидан қабул қилинган аккаунтини блоклаш қарорини хато деб атади.
Трампнинг ўзи блоклашнинг очилишига катта қадам сифатида қарамади, у Twitter’га қайтиш ниятида эмаслигини билдириб, ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида саҳифасини юритаётганини айтди. Twitter аккаунти қайта тикланганидан бери ва 2023 йил 10 февраль ҳолатига кўра у ўз саҳифасида бирорта ҳам янги пост ёзмаган.
2021 йил январида Капитолийга бостириб киришдан сўнг, энг йирик ижтимоий тармоқлар сиёсатчининг саҳифаларини блоклаб, уни «зўравонликка ундаш хавфи»ни яратишда айблади. Бу 2021 йил 6 январда Трамп тарафдорлари томонидан АҚШ Капитолийсига бостириб киришга уриниш вақтида юз берди. Ҳужум сабаби АҚШ президентлик сайловлари натижаларига рози бўлмаганлик бўлди, унда Трамп Жо Байденга ютқазди. Трампнинг ўзи овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортди, шу билан бирга, 2023 йил январь ойи охирида 2024 йилги сайловларда иштирок этиш учун кампания бошланганини эълон қилди.
Мавзуга оид
15:00
«20 дақиқа олдин ҳам уни танимасдим». Трамп телеканал бошловчисини Пентагон раҳбарлигига танлади — Вашингтондагилар «шокка тушган»
09:46
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
09:40
Байден Трампга: Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига жавоб беради
22:44 / 13.11.2024