13:43 / 11.02.2023
9925

Да Силва Байден билан бирга демократияни ҳимоя қилмоқчи

Бразилия ва Қўшма Штатлар раҳбарлари иқлимни ҳимоя қилиш учун биргаликда ишлашга келишиб олди ва демократияга қилинган ҳужумларни танқид қилди.

Фото: AP

Бразилия президенти Лула да Силва 10 февраль, жума куни АҚШда америкалик ҳамкасби Жо Байден билан бўлиб ўтган учрашувда АҚШ ва Бразилиянинг демократик институтлари ҳужумга учрагани ҳамда иккала давлат келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун биргаликда ҳаракат қилиши мумкинлигини айтиб ўтди. Сиёсатчилар учрашувидан иқтибослар dpa агентлиги томонидан тақдим этилган.

Иккала мамлакатда демократия «синовдан ўтди», деди Байден ва у «ғалаба қозонган» бўлса- да, АҚШ ҳамда Бразилия ўз қадриятларини, шу жумладан биргаликда қўллаб-қувватлашни давом эттириши кераклигини билдирди. Да Силва ҳамкасбининг фикрига қўшилиб, ўзидан олдинги президент Жаир Болсонару «Бразилияни яккалаб қўйгани» ва президентлик даврида халқаро муносабатларни етарли даражада яхшиламаганини таъкидлади.

«Унинг дунёси эрталаб, тушдан кейин ва кечқурун «фейк янгиликлар» билан бошланиб, тугади», деди да Силва. Бунга жавобан, Байден бу «унга таниш экани»ни таъкидлади, у АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг позициясини назарда тутган бўлиши мумкин.

Учрашувда томонлар иқлимни ҳимоя қилиш соҳасида қўшма ишларни кенгайтириш истагини билдирди – да Силванинг сайловолди ваъдалари орасида экологик кун тартибига эътибор қаратган ёндашуви нафақат АҚШда, балки Германияда ҳам юқори баҳоланди.

Бироқ, Байден ва да Силва ўртасидаги суҳбатдан кейин аниқ қарорлар қабул қилинмади, аслида Америка президенти Амазонияни ҳимоя қилиш учун Бразилия томонидан махсус яратилган фондни қўллаб-қувватлашини эълон қилиши кутилган эди.

Шу билан бирга, Оқ уй да Силванинг Украинадаги урушни Киев иштирокисиз тугатиш бўйича Россия билан музокара ўтказиш ғоясини рад этди. Бразилия президенти Россия, Хитой, Индонезия, Ҳиндистон ва АҚШ каби давлатлар раҳбарлари билан Украинада тинчликка эришиш зарурлигини муҳокама қилиш ниятида эканлигини таъкидлади, бироқ у Украинани учрашувлар иштирокчиси сифатида тилга олмай, Киев ва Москва ўртасида воситачи бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Бунга жавобан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби «музокаралар мақсадга мувофиқми ёки йўқми, агар шундай бўлса, қандай шароитларда ўтказилиши президент Зеленскийнинг ўзига боғлиқ», деди ҳамда Байден ҳам шундай позицияда эканини билдирди.

Январь ойи бошида Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару тарафдорлари унинг сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортган ҳолда, Миллий конгресс, Олий суд ва давлат раҳбарининг мамлакат пойтахти Бразилиядаги қароргоҳига бостириб киришган эди.

Ўша пайтда Сан-Паулу штатида амалий сафарда бўлган да Силванинг ўзи федерал кучларни шаҳарда тартибни тиклашга жалб қилишни буюрган. Бу 31 январгача амал қилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари тартибсизликларга сабабчи бўлганларни жазолашга ваъда берди ва уларни «фанатик фашистлар» деб атади. Натижада юзлаб одамлар ҳибсга олинди, бироқ уларнинг аксарияти қўйиб юборилди. Шу билан бирга, Бразилия собиқ адлия вазири ва Болсонарунинг ўзига нисбатан айбловлар қўйилиши мумкин.

Top