Ўзбекистон | 12:05 / 11.02.2023
10464
2 дақиқада ўқилади

Тезликнинг пасайтирилиши йўллардаги ўлимни қанчага қисқартиради?

Шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 кмга камайтириш Ўзбекистонда бир йилда 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолади. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларини эълон қилди.

Фото: Getty Images

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти шаҳарларда ўрнатилган максимал тезликнинг пасайиши йўлдаги ҳолатга (транспортнинг ўртача тезлиги) ва йўллардаги ўлим даражасига таъсир қилиш таҳлилини Kun.uz’га тақдим қилди.

140 та мамлакат маълумотлари йиғилиб, таҳлил қилинган тадқиқот қуйидаги хулосаларга келган:

  • шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 кмга камайтириш ўлим даражасини йилига 0,8 кишига (ҳар 100 000 кишига) камайтиришга ёрдам беради. Бу Ўзбекистонда 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш деганидир;
  • энг юқори тезлик ўртача ҳаракат тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Ҳаракат тезлиги ва саёҳат вақтига асосий таъсир этувчи омил йўл инфратузилмасининг сифати ҳисобланади, тезликни чеклаш фақат йўл ҳаракати қоидаларини яхшилаш ва тегишли инфратузилма мавжуд бўлса, ижобий таъсир кўрсатади;
  • қонун устуворлиги (Rule of law) рейтингининг 1 баллга ортиши ҳар йили йўлларда ўлим даражасини 3,3 кишига (ҳар 100 000 кишига) қисқартириши мумкин.
  • паст тезликда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида оғир жароҳатлар улуши камаяди. Йўл-транспорт жароҳатлари зарари паст даромадли мамлакатларда ЯИМнинг тахминан 1фоизи, ўрта даромадлиларда 1,5 фоизи ва юқори даромадли мамлакатларда 2 фоизига тенг.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,3 миллион киши ҳалок бўлади ва 20-50 миллион киши жароҳат олади. “Йўл ҳаракати хавфсизлигига инвестиция қилиш: глобал хусусий сектор мажбурияти” номли тадқиқот натижаларига кўра эса, бахтсиз ҳодисалар глобал иқтисодиётга йилига 518 миллиард доллар зарар келтиради.

Эслатиб ўтамиз, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланди. Олдин бу норма 70 км/соат эди. 

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид