Прокурор Фургал учун 23 йиллик қамоқ жазоси сўраганди, суд эса ҳукмда бир йил камроқ жазо берди. Хабаровскнинг собиқ раҳбари судда айбига иқрор бўлмади ва бу ҳукмни уятли деб атади.
2000-йиллардаги қотилликда айблов
Фургал устидан суд иши Москва областидаги Либерец район судида кўриб чиқилди ва айнан шу ерда ҳукм ўқилди. 2 феврал куни судялар ҳайъати Фургални тадбиркор Александр Смолскийга суиқасдда айбдор деб топди. Шунингдек, собиқ губернатор бошқа тадбиркорлар Евгений Зори ва Олег Булатовга нисбатан қотилликни ташкил этишда ҳам айбдор деб топилди. Айбловга кўра, 2000-йилларда Фургал бу тадбиркорлар билан бизнес оламида рақобатлашган.
«Балки болаларимиз одил судловни кўрар...»
Ҳар уч ҳолат бўйича судялар Фургалга берилган жазони енгиллатиш имкони йўқлигини билдирган. Ўз устидан чиқарилган ҳукмни эшитган Фургал эса қафасда туриб судялар учун у уялаётганини айтди.
Фургал икки йилдан буён ўзига нисбатан айбловларни уюштирилган ва сиёсийлаштирилган деб айтиб келади. Ҳукм ўқилган суд мажлисида ҳам у айбини тан олмади. «Менинг айбим шунчаки тизимни яхшилашга интилганим», деди сўнгсўз ўрнида собиқ губернатор.
У суд жараёнида ўзига чиқарилган ҳукмни «адолатнинг буткул ўлиши» деб атади. «Бу адолатнинг буткул ўлиши бўлса, ниманидир муҳокама қилиш мумкинми? Шунчаки ижобий нимадир пайдо бўлишини кутишга мажбурмиз. Балки болаларимиз, балки набираларимиз одил судловни кўрар», дея Фургалнинг сўзларини келтирган «Фургал штаби» Telegram-канали.
Ўта оғир жиноятда айблов
Судялар ҳукм чиқарилгач, Фургалдан ҳукм тушунурлими, деб сўрашди. «Ўртоқ судя, ҳукм-ку тушунарди, фақат бир нарсани тушунмаяпман: бундай қарор чиқарганингиз учун уялмаяпсизми?» деган Фургал.
Фургал айбланаётган жиноятлар Россияда ўта оғир жиноятлар ҳисобланади ва бундай жиноятлар учун бир умрлик қамоқ жазоси сўралади. Аммо жиноий жавобгарликка тортиш муддати 15 йилдан ўтиб кетгани учун прокурор унга бир умрлик қамоқ сўрай олмасди. Шу боис 23 йил жазо сўради ва суд 22 йилга ҳукм чиқарди.
Фургал иши бўйича қолган айбдорлар Марат Қодиров, Андрей Палей ва Андрей Карепов ҳам узоқ муддатларга қамалди.

Карепов 21 йил, Палей 17 йил, Қодиров 9,5 йил олди. Уларнинг барчаси жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланди. Улар ҳам ўз айбига иқрор бўлмаган. Сергей Фургалнинг ҳимояси суд ҳукмидан арз қилиб, оқловга эришмоқчи.




















