Спорт тинчлик элчиси ва ҳалоллик гарови дейилса ҳам анчадан буён у тинчлик элчиси ҳам, ҳалоллик гарови ҳам бўлмай қолди. Аксарият ҳолларда турли спортчилар рақиблари устидан ғалаба қозониш учун ҳар қандай ғирромликдан қайтишмаяпти.
Аммо улар орасида ғирром ғалабани ўзи учун ҳаром деб биладиган спортчилар ҳам етарлича бор ва бундайлар ҳар доим қадрланиб келинади. Мисрлик дзюдо яккакураши устаси Муҳаммад Али Рашван ана шундай спортчилардан бири бўлган.
1984 йилда ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида Рашван дзюдо мусобақаларида олимпиада олтин медалларини ютишга жуда яқин келганди.
Финалгача барча рақибларини енгган Рашван асосий баҳсда рақибининг жароҳат олган оёғига бир-икки марта зарба берса кифоя – олтин медал нақд эди.
Бироқ Рашван ғирромлик билан ғалаба қозонишни хоҳламайди. У ҳалоллик билан курашади ва рақибига очколар бўйича ютқазади. Ана шу иши ортидан у дунёга машҳур бўлади.

Муҳаммад Али Рашван
Муҳаммад Али Рашван 1956 йилда Мисрнинг Искандария шаҳрида туғилади. У ёшлигидан спортнинг дзюдо тури билан жиддий шуғулланади ва мусобақаларда қатнаша бошлайди.
Рашван 16 ёшида Испания ва Чехословакияда ўтказилган халқаро мусобақаларда иштирок этади. Кейинчалик у улғайиб ўта оғир вазн тоифасида мусобақаларда қатнаша бошлайди.
1980-йиллар бошида Рашван дунёнинг энг кучли дзюдочиларидан бири эди. У 1982 ҳамда 1983 йилларда ўтказилган Африка чемпионатида оғир вазн тоифасида чемпион бўлади.
1984 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган ёзги олимпиада ўйинларида Рашван муваффақиятли иштирок этади. У финалгача барча рақибларини енгади. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда япониялик рақибидан енгилиб, кумуш медал олади.
У 1985 ва 1987 йилларда дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлади.

Дзюдо бўйича ўта оғир вазн тоифаси Лос-Анжелес олимпиадасидан сўнг мусобақалардан олиб ташланади. Бу вазн тоифасидагилар оғирлигини камайтириб, оғир вазнга ўтишга мажбур бўлади.






















